Термиз давлат университетида касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз давлат университетида 2026/2027-ўқув йили учун кундузги таълим шакли бўйича алоҳида иқтидор талаб қилувчи таълим йўналишларига касбий (ижодий) имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда.
Касбий (ижодий) имтиҳонлар 7–17 июль кунлари бўлиб ўтиши белгиланган. Унда абитуриентларнинг назарий билими билан бир қаторда амалий кўникмалари, ижодий фикрлаши ва касбий салоҳияти шаффофлик, адолат ва холислик тамойиллари асосида баҳоланмоқда.
[gallery-30343]
Имтиҳонлар Жисмоний маданият, Мусиқа таълими, Тасвирий санъат ва Журналистика йўналишларида ўтказилмоқда. Жараёнлар учун ажратилган биноларда зарур шароитлар яратилган, ҳудудлар керакли техник воситалар билан жиҳозланган, спорт майдончаси шай ҳолатга келтирилган.
Шунингдек, абитуриентларнинг ота-онаси ва яқинлари учун ҳам қулайликлар яратилган. Имтиҳонларнинг шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида кузатувлар олиб борилмоқда. Республикадаги турли олий таълим муассасаларидан комиссия аъзолари жалб этилган.
Имтиҳонлар жараёнида абитуриентлар саломатлигини назорат қилиш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида тиббиёт ходимлари, Миллий гвардия ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари доимий хизмат олиб бормоқда.
Касбий имтиҳонлар тўлиқ камералаштирилган майдон ва аудиторияларда ўтказилмоқда. Жараёнлар оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб борилмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА