Теннисчиларимиз Ҳиндистон ва Гонконг турнирларида қатнашади
Жорий ҳафтада Ҳиндистон ва Гонконгда теннис бўйича WTA 250 таснифига кирувчи халқаро мусобақалар бўлиб ўтади.
Жумладан, Ҳиндистонда “Chennai Open”, Гонконгда эса “Prudential Hong Kong Tennis Open” турнири ўтказилмоқда. Ушбу мусобақаларда Ўзбекистон шарафини Мария Тимофеева ва Полина Кудерметова ҳимоя қилаётир. Ҳар икки мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 283 минг 347 АҚШ долларини ташкил этади.
Ченнай шаҳрида бошланган “Chennai Open” халқаро турнирида Ўзбекистон вакили Полина Кудерметова илк даврада словакиялик Виктория Морвайовага қарши кортга чиқади. Қайд этиш жоиз, Морвайова саралаш баҳсларида мағлуб бўлганига қарамай, «омадли мағлуб» мақоми билан асосий турнир иштирокчилари сафига қўшилган.
“Prudential Hong Kong Tennis Open” турнирида эса Мария Тимофеева яккалик баҳслари биринчи даврасида руминиялик Сорана Кирстеа билан баҳс олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА