Темурийлар мероси – умумбашарий қадрият
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги ҳамда мазкур нуфузли муассаса ташкил топганининг 30 йиллигига бағишланган “Темурийлар даврида илм-фан ва маданият ривожини ўрганиш ва тарғиб қилишнинг умумбашарий аҳамияти” мавзусида Республика илмий-амалий конференция ўтказилди.
Мамлакатимизнинг етакчи олимлари, тарихчилар, музейшунослар, профессор-ўқитувчилар ва ёш тадқиқотчилар иштирок этган мазкур анжуман мамлакатимизда тарихий меросни илмий асосда чуқур ўрганиш, жаҳон цивилизациясига қўшилган беқиёс ҳиссани тарғиб этиш ҳамда ёш авлод қалбида миллий ифтихор туйғусини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.
Қайд этилганидек, Соҳибқирон Амир Темур асос солган буюк салтанат нафақат сиёсий ва ҳарбий қудрати, балки маданият, илм-фан ва маърифат юксак чўққига кўтарилган давр сифатида жаҳон тамаддуни тарихида ўчмас из қолдирган. Бу даврда шарқона анъаналар ва илғор илмий қарашлар уйғунлашиб, астрономия, математика, тиббиёт, адабиёт, меъморчилик ва тасвирий санъат соҳаларида мислсиз кашфиётлар қилинган. Мирзо Улуғбекнинг илмий мактаби, Қозизода Румий каби даҳоларнинг фаолияти ҳамда машҳур расадхонанинг барпо этилиши инсоният илмий тафаккури ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилди.

Шунингдек, темурийлар даврида бунёд этилган муҳташам обидалар, мадрасаю кутубхоналар ўша даврнинг юксак маънавий салоҳияти ва бунёдкорлик руҳидан далолат беради. Амир Темур ва темурий шаҳзодалар томонидан илм аҳлига кўрсатилган юксак ғамхўрлик, турли ўлкалардан энг маҳоратли олимлар, шоирлар ва ҳунармандларнинг пойтахтга жалб этилиши Буюк ипак йўли бўйлаб нафақат савдо-сотиқ, балки ғоялар, фан ва маданият алмашинувининг мислсиз фаоллашувига олиб келди. Бу эса, ўз навбатида Шарқ ва Ғарб цивилизацияларининг ўзаро яқинлашувига мустаҳкам кўприк вазифасини ўтади.
Бугунги кунда ушбу бебаҳо тарихий меросни илмий асосда чуқур ўрганиш, унинг умумбашарий аҳамиятини очиб бериш ва ёш авлодга етказиш муҳим вазифалардан биридир. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида аждодлар қолдирган бой маънавий хазинага мурожаат қилиниши бежиз эмас. Зеро, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишда темурийлар даврининг буюк бунёдкорлик ғоялари, илм-фанга интилиш ва ватанпарварлик анъаналари бугунги кун ёшлари учун ҳам кучли маънавий мадад ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилаётир.

Конференция иши кенг қамровли йўналишлар бўйича тўртта шўъбага бўлинган ҳолда олиб борилди. Хусусан, биринчи шўъбада темурийлар даври ёзма манбаларини илмий жиҳатдан тадқиқ этиш, манбашунослик ва тарихшуносликка оид долзарб масалалар чуқур таҳлил қилинган бўлса, кейинги шўъбаларда давр илм-фани, маданияти ва санъати тараққиёти, шунингдек, давлат бошқаруви, халқаро сиёсат, ҳарбий санъат ҳамда маданий меросни асраб-авайлаш, рақамлаштириш ва оммалаштиришнинг замонавий усуллари кенг муҳокама қилинди.
Юбилей санаси доирасида музейда ташкил этилган қатор маданий-маърифий тадбирлар анжуман мазмунини янада бойитди. Хусусан, меҳмонлар эътиборига ҳавола этилган “Соҳибқирон тарихини жамлаган музей” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигидаги “Янги Ўзбекистон шукуҳи” фотокўргазмалари тарихий ўтмиш ва бугунги тараққиёт ўртасидаги узвий боғлиқликни яққол намоён этди.
Шу билан бирга, ҳунарманд Гулнора Азимова иштирокида ташкил этилган “Бухоро зардўзлик санъати: миллий мерос ва замонавий ижодий ёндашув” мавзусидаги маҳорат дарси ва музейнинг янгиланган бой экспозицияси билан танишув тадбир қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА