Темир-бетон корхонасида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди
Сурхондарё вилояти Термиз туманида фаолият юритувчи “Т.Т.Қ” хусусий корхонасида ўтказилган давлат назорати тадбири давомида қатор жиддий камчиликлар аниқланди. Темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ушбу корхонада амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилмагани маълум бўлди.
Хусусан, текширув давомида корхона томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Стандартлаштириш тўғрисида” ҳамда “Метрология тўғрисида”ги Қонунлари талаблари бузилгани аниқланган. Сотувга чиқарилаётган маҳсулотларнинг белгиланган тартибда тамғаланмагани, даврий синовлардан ўтказилмагани ва энг муҳими, сифат гувоҳномаларисиз истеъмолчиларга етказиб берилаётгани қайд этилди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан корхона раҳбарига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун судга юборилди. Шунингдек, истеъмолчиларга етказилган сифатсиз ва стандартга номувофиқ маҳсулотларни қайтариб олиш юзасидан корхонага тегишли тақдимнома киритилди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА