Теҳрон ҳарбий таҳдидларга географик чекловларсиз жавоб қайтаришини маълум қилди
Эрон Олий раҳбари Мужтабо Хоманаий АҚШнинг эҳтимолий ҳарбий зарбасига жавоб бутун минтақадагина эмас, балки ундан ташқари ҳудудларда ҳам берилиши мумкинлигини билдирди. У ҳар қандай таҳдидга “тезкор ва географик чекловларсиз” жавоб қайтарилишини таъкидлади. Бу баёнот Вашингтон ва Теҳрон ўртасида янги ҳарбий тўқнашувнинг олдини олишга қаратилган дипломатик саъй-ҳаракатлар давом этаётган бир пайтда янгради.
Эрон ҳарбий қўмондонлиги мамлакатнинг мудофаа салоҳиятини ошириш ва эҳтимолий нишонлар рўйхатини янгилаш бўйича Хоманаийга маълумот берган. Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса АҚШ билан воситачилар орқали олиб борилаётган музокараларда ижобий силжишлар борлигини қайд этди.
Унинг айтишича, Ҳурмуз бўғозини очиш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда. Қатар воситачилигидаги мулоқотлар давомида Вашингтоннинг кенгроқ музокараларга интилиши Теҳрон томонидан ижобий қадам сифатида баҳоланган.
Айни вазиятда Форс кўрфази давлатлари янги ҳарбий тўқнашув эҳтимолига тайёргарлик кўрмоқда. БАА етакчиси маслаҳатчиси Анвар Гаргаш минтақадаги давлатлар “энг ёмон сценарийга ҳозирлик кўраётгани”ни тилга олиб, АҚШ ва Эрон ўртасидаги келишмовчиликлар бартараф этилмаса, оқибатлар жиддий бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Қатар эса ўзининг суюлтирилган газ ташувчи кемасига қилинган ҳужумни қоралаб, бу каби ҳодисалар денгиз қатнови ва глобал энергетика хавфсизлигига таҳдид солишини урғулади.
Мусулмон Зиё, ЎзА