Теҳрон атрофига ҳужум: АҚШ можарони янги босқичга олиб чиқди
АҚШ Эронга қарши ҳарбий амалиёт кўламини янада кенгайтириб, бу сафар илк бор Теҳрон атрофидаги ҳудудларни нишонга олди. Ислом Республикаси давлат оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотга кўра, ҳужумлар Қешм ороли, Чобаҳор порти, Семнон вилояти ва Бандар Аббос йўналишида ҳам амалга оширилган. Бу ҳолат Вашингтон ва Теҳрон қарама-қаршилиги янада хавфли босқичга ўтаётганидан дарак бермоқда.
Қўшма Штатлар Марказий қўмондонлиги беш соатлик амалиёт давомида қўмондонлик марказлари, ҳаво мудофааси тизими, ракета ва дрон инфратузилмаси ҳамда соҳилдаги кузатув манзиллари тўпга тутилганини таъкидлаган. Вашингтон Кюрасао байроғи остида сузаётган нефть танкери Эроннинг асосий нефть экспорт терминали ҳисобланган Харк ороли томон ҳаракатланаётганда бир неча марта берилган огоҳлантиришга жавоб бермаганини иддао қилди. АҚШ ҳарбийлари айна шу сабабли кема мўри қисмига ракета йўлланганини маълум қилди.
Теҳрон ҳам жавоб ҳаракатини бошлади. Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Баҳрайн ва Кувайтдаги нишонлар томон ракета ҳамда дрон учирилганини эълон қилди. Кувайт расмийлари ҳаво мудофааси тизими рақиб дронлари йўқ қилинаётганини билдирган, Баҳрайнда эса ҳаво ҳужуми хавфи сабаб огоҳлантирув қўнғироғи янграган. Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги ҳужумлар оқибатида камида 35 киши ҳалок бўлган, 300 нафардан кўп инсон жароҳатланган.
Сўнгги воқеалар Оқ уй ва Эрон ўртасидаги муваққат келишув амалда барҳам топганини яна бир бор кўрсатди. Айниқса, жаҳон нефти ва суюлтирилган табиий газининг салмоқли қисми ташиладиган Ҳурмуз бўғози атрофидаги вазият халқаро бозордаги хавотирни кучайтирмоқда. Таҳлилчилар фикрича, таҳлика пойтахт атрофига ёйилгани, кўрфазда ўзаро зарбалар алмашилгани боис, дипломатик музокара тез орада қайта тикланиши эҳтимолини янада пасайтириши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА