Тайёргарлик бошланди
Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтган куз-қиш мавсуми якунларини сарҳисиоб қилиш ва пойтахтимиз уй-жой фондини навбатдаги мавсумга тайёрлаш ишларининг бошланишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтган куз-қиш мавсуми якунларини сарҳисиоб қилиш ва пойтахтимиз уй-жой фондини навбатдаги мавсумга тайёрлаш ишларининг бошланишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.Унда Тошкент шаҳар Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмаси ва пойтахт ҳокимлигининг етакчи мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мустақиллик йилларида уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Уй-жой фондини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришнинг эскирган ва қўллаб бўлмайдиган шакллари бекор қилинди. Бунинг самарасида муҳандислик-коммунал хизматлар ва ташкилотларнинг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланди. Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 12 апрелда қабул қилинган «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги қонунига мувофиқ хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ташкил этилди. Улар уй-жой фондини ҳамкорликда бошқариш ва сақлаш, таъмирлаш ишларини амалга оширмоқда.
Тошкент шаҳар Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмаси раиси А.Набиевнинг сўзларига кўра, бугунги кунда пойтахтимизда 2,3 мингдан ортиқ хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати фаолият юритмоқда. Улар 9,1 мингдан ортиқ кўп қаватли уй-жойга хизмат кўрсатади. Уюшма ширкатлар фаолиятини мониторинг қилиб, зарурат туғилганда турли ташкилий, жумладан, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда уларга кўмаклашмоқда.
Ўтган йили куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўп қаватли турар-жойларнинг олд қисмлари ва тўрт мингдан ортиқ подъезди таъмирланди. Аҳолига қулайликлар яратиш ва туташ ҳудудларни ободонлаштириш мақсадида 302 автомобиль тўхташ жойи қурилиб, 354 мингдан ортиқ мевали дарахт кўчатлари ва манзарали ўсимликлар экилди, болалар майдончалари таъмирланди. Кўп қаватли уйларнинг гидро ва иссиқлик изоляциясини янада яхшилаш мақсадида 800 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган том қопламаси алмаштирилди. Бу борадаги таъмирлаш ишларида замонавий бикром гидроизоляция материалидан фойдаланилди. Шунингдек, подъездларга 12,2 мингта алюмин дераза роми ва 965 темир эшик ўрнатилди. Санитария-техника меъёрлари ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мувофиқ, кўп қаватли уйларнинг ертўла ва чердаклари тозаланди ҳамда текширувдан ўтказилди. Текширувда аниқланган камчилик ва носозликлар бартараф этилди.
Айни пайтда Тошкент шаҳрида навбатдаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўрилмоқда. Тайёргарлик ишларининг сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида барча туманларда турар-жойларнинг ҳолати текширилиб, далолатномалар тузилмоқда ва шунга асосан зарур чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади.
Матбуот анжуманида Тошкент шаҳар Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмаси мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.