Тахтакўпирда “Ёшлар маркази” биноси фойдаланишга топширилди
Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Тахтакўпир тумани марказида замонавий кўринишдаги ёшлар маркази биноси қуриб, фойдаланишга топширилди.
Янги бинонинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов, туман ҳокими Ж.Адилов, Қорақалпоғистон Республикаси Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи П.Махсетбаев ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда “Ёшлар куни” бўлиши белгиланди. Шу куни соҳага масъул раҳбарлар маҳалла, мактаб ва техникумларга бориб, ёшлар томонидан билдирилган муаммоларни ҳал қилишмоқда. Ҳокимлар ёшларнинг таълим олиши, спорт билан шуғулланиши, касб ва тил ўрганиб, ишга кириши ёки тадбиркорлик билан шуғулланишига кўмаклашиб, стартапчилар билан учрашувлар ўтказишмоқда.

Умумий 5 миллиард 321 миллион сўм маблағ асосида қурилган бинода ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун “Book kafe”, “Zakovat” клуби, шахмат-шашка, чет тиллари ва математика фанларини ўқитиш марказлари ташкил этилиб, барча қулай шароитлар яратилган.
Тадбир иштирокчилари янги бинода ёшлар учун яратилган шароитлар билан танишишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.