Тахт соясидаги ҳақиқат: Фитрат ва унинг “Абулфайзхон” фожиаси ҳақида
Жадид маърифатпарвари Абдурауф Фитрат томонидан яратилган “Абулфайзхон” фожиаси тарихий воқеликни бадиий талқин қилиш орқали ҳокимият учун курашнинг мудҳиш оқибатлари ва унинг миллат тақдирига таъсири ҳақидаги саволларни ўртага ташлаган буюк асардир.
ХХ аср бошларида Туркистон заминида кечган ижтимоий-маърифий уйғониш, яъни жадидчилик ҳаракати миллат тақдири учун масъулиятни ҳис этган ўнлаб буюк сиймоларни етиштирди. Ана шундай зиёлиларнинг энг ёрқин вакилларидан бири бухоролик мутафаккир, олим ва адиб Абдурауф Фитрат эди. Унинг учун адабиёт ва санъат шунчаки нафосат воситаси эмас, балки халқни ғафлат уйқусидан уйғотиш, унинг тарихий хотирасини тиклаш ва маърифат орқали озодлик сари етаклаш учун хизмат қиладиган қудратли қурол эди. Бу йўлда Фитрат театр санъатига алоҳида ўрин ажратди ва уни энг таъсирчан тарбия минбари деб билди.
Фитратнинг Истанбулдаги таҳсил йиллари (1909–1913) унинг дунёқараши шаклланишида ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Усмонийлар салтанатидаги “Ёш турклар” ҳаракати, ғарб маърифатчилиги ғоялари билан яқиндан танишув унинг онгида Туркистон келажаги ҳақидаги ўй-фикрларига янгича йўналиш берди. У ватанга қайтгач, фақат мактаб-маориф ислоҳотлари билан чекланиб қолмай, миллий театрчиликнинг пойдеворини яратишга фаол киришди. Унинг назарида, саҳна орқали мураккаб тарихий жараёнларни, жамиятнинг оғриқли нуқталарини ва миллий қаҳрамонлар жасоратини халққа содда ва тушунарли шаклда етказиш мумкин эди.
Фитратнинг саҳна асарлари бир умумий ғоя – ватан озодлиги ва мустақиллик учун кураш руҳи билан суғорилган. Унинг “Чин севиш” ёки “Ҳинд ихтилолчилари” каби пьесаларида Ҳиндистон озодлик ҳаракати мисолида аслида Россия империяси мустамлакаси остидаги Туркистоннинг аянчли тақдири ва озодликка бўлган умидлари бадиий ифодасини топган. Адиб учун бегона юрт воқеалари ўз халқининг дардини айтиш учун бир ниқоб, бадиий усул вазифасини ўтаган. Ушбу изланишларнинг гултожи сифатида эса, шубҳасиз, унинг “Абулфайзхон” тарихий фожиасини келтириш мумкин. Бу асар орқали Фитрат ўз миллатининг яқин ўтмишига мурожаат қилиб, ҳокимият инқирозининг сабаб ва оқибатларини чуқур таҳлил остига олади.
Тарихий ҳақиқат ва бадиий талқин
“Абулфайзхон” фожиасининг қудрати шундаки, у қуруқ тарихий воқеалар баёнидан иборат эмас. Фитрат XVIII асрда Бухоро хонлигида юз берган ҳақиқий тарихий жараёнларни ўзининг бадиий мақсадига бўйсундиради. Аштархонийлар сулоласининг амалдаги сўнгги ҳукмдори Абулфайзхон даври (1711–1747) ҳақиқатан ҳам давлат бошқарувининг заифлашуви, марказий ҳокимиятнинг обрўсизланиши ва саройдаги ўзаро низолар авж олган бир давр эди. Тарихий манбалар Эрон шоҳи Нодиршоҳнинг 1740 йилдаги юриши натижасида Бухоро хонлигининг вассалга айлангани, Абулфайзхон эса амалда қўғирчоқ ҳукмдорга айланиб қолганини баён этади.
Ҳокимият учун курашда майдонга ўзбек манғит уруғининг нуфузли вакили Муҳаммад Ҳакимбий, сўнгра унинг ўғли Муҳаммад Раҳимбий чиқади. Муҳаммад Раҳимбий айнан Нодиршоҳнинг кўмаги билан ҳокимиятни ўз қўлига олиб, Абулфайзхонни тахтдан ағдаради ва қатл эттиради. 1756 йилда эса у ўзини расман хон деб эълон қилиб, Бухорода манғитлар сулоласига асос солади.
Фитрат айнан мана шу тарихий воқеадан унумли фойдаланади. Бироқ унинг мақсади тарихий шахслар фаолиятини илмий аниқликда тасвирлаш эмас, балки уларнинг тимсолида ҳокимият учун курашнинг ахлоқий-маънавий жиҳатларини, шахс ва давлат фожиасини очиб бериш эди. Асардаги Абулфайзхон – иродасиз, айш-ишратга муккасидан кетган, давлат бошқарувини эплай олмаган ҳукмдор сифатида тасвирланса, унинг куёви Раҳимбий – мақсади йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган, ҳийла ва зўравонликни ўзига дастур қилиб олган, ҳокимиятга чанқоқ шахс сифатида гавдаланади. Фитрат тарихий воқеликдан узилмаган ҳолда, қаҳрамонларнинг ички дунёсини, уларнинг хатти-ҳаракатлари ортидаги мантиқни бадиий жиҳатдан умумлаштиради. Шу тариқа, адиб XVIII аср воқеалари орқали ўз замонаси – ХХ аср бошларидаги Бухоро амирлигининг ижтимоий-сиёсий иллатларига ҳам ишора қилади.
“Абулфайзхон” – қонли тахт фожиаси
Фитратнинг буюк маҳорати шундаки, у Бухоро хонлигидаги маҳаллий бир воқеани бутун инсониятга хос бўлган умуминсоний фожиа даражасига олиб чиқа олган. “Абулфайзхон” асари ўзининг тузилиши ва ғоявий чуқурлиги билан инглиз драматурги Уильям Шекспирнинг буюк фожиаларига ҳамоҳангдир. Агар Шекспирнинг “Макбет” асарида ҳокимиятга интилиш шахснинг виждонини йўқ қилиши ва уни ҳалокатга етаклаши тасвирланган бўлса, “Абулфайзхон”да ҳам худди шу мавзу – ноҳақ эгалланган тахтнинг эгасига вафо қилмаслиги ғояси марказий ўринни эгаллайди.
Пьесанинг асосий зиддияти Абулфайзхоннинг заифлигида эмас, балки Раҳимбийнинг чексиз ҳокимиятга бўлган эҳтиросида намоён бўлади. У акасини ўлдириб тахтга чиққан Абулфайзхонга куёв бўлиб, аста-секин давлатнинг бутун бошқарувини ўз қўлига олади. Асарнинг энг машҳур жумлаларидан бири – “Подшоҳлик қон билан суғорилатурган бир оғочдир” – айнан Раҳимбийнинг ҳаракатларига мафкуравий асос бўлиб хизмат қилади. У ўз йўлидаги барча тўсиқларни, жумладан, кечаги сафдошларини ҳам аёвсиз йўқ қилади. Охир-оқибат, у Абулфайзхонни ҳам ўлдириб, унинг ўрнига ёш ва иродасиз Абдумўминни қўғирчоқ хон сифатида тахтга ўтқазади.
Бу ўринда Фитрат ҳокимиятнинг ўзига хос мантиғини очиб беради: зўравонлик орқали қўлга киритилган тахт фақат янги зўравонликлар орқали сақлаб қолиниши мумкин. Раҳимбийнинг ҳар бир қилмиши уни янада чуқурроқ ботқоққа ботадиган навбатдаги қадамдир. У дўстларини йўқотади, атрофини хушомадгўйлар ва қўрқоқлар ўраб олади, ўзи эса доимий шубҳа ва қўрқув ичида яшашга маҳкум бўлади. Бу – тахт учун тўланган энг оғир бадалдир. Асарнинг фожиавийлиги шундаки, Раҳимбийнинг ғалабаси аслида унинг маънавий мағлубиятининг бошланишидир.
Ҳокимият ва виждон масаласи
“Абулфайзхон” асарининг кучи фақат бош қаҳрамонлар образида эмас, балки иккинчи даражали персонажларнинг пухта ишланганида ҳамдир. Улар орасида, айниқса, кенагас уруғининг оқсоқоли Иброҳимбий образи алоҳида ажралиб туради. Кўзи ожиз бўлишига қарамай, у ақл кўзи билан воқеалар ривожини ҳаммадан теранроқ англайди. Иброҳимбий асардаги виждон овози, ахлоқий мезон вазифасини ўтайди. У Раҳимбийнинг Абулфайзхонни ўлдирганини эшитгач, уни табрикламайди, аксинча, унинг бу ишни эл-юрт учун эмас, ўзининг манфаати учун қилганини юзига солади.
Иброҳимбий ва Раҳимбий ўртасидаги мулоқот асарнинг ғоявий кулминациясидир. Иброҳимбий Раҳимбийга хитобан айтган шу сўзлар нафақат ўтмишга, балки келажакка ҳам қаратилган бир башоратдек янграйди: “Сиз-ку Бухоро тахтини оларсиз, Абдумўминни ўлдурарсиз... Бироқ шуни билиб қўйингким, бу тахт сизнинг болаларингизга юқмағусидир”. Бу сўзлар орқали Фитрат зулм ва адолатсизлик устига қурилган ҳар қандай ҳокимият пойдевори мустаҳкам бўлмаслигини, ноҳақ тўкилган қон ҳеч қачон изсиз кетмаслигини уқтиради.
Асардаги яна бир муҳим гуруҳ – бу сарой уламолари, хусусан, Охун ва Қози Низом образларидир. Фитрат уларнинг тимсолида ҳар қандай ҳукмдорга қуллуқ қилишга тайёр бўлган, ўз манфаати йўлида шариат ҳукмларини ҳам эгиб бера оладиган мунофиқ руҳонийлар тоифасини фош этади. Раҳимбий улардан Чингизхон авлодидан бўлмаган кишининг ҳам хон бўлиши мумкинлиги ҳақида фатво сўраганида, улар иккиланмай бунга рухсат берадилар. Кечагина Абулфайзхонни “сояйи худо” (худонинг сояси) деб юрган Қози Низом, бугун унинг ўлимига бемалол фатво ёзиб беради.
Бу саҳна итальян мутафаккири Никколо Макиавеллининг “Ҳукмдор” асаридаги ғояларни ёдга солади. Макиавелли ҳукмдор ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун зарур бўлганда ахлоқий меъёрлардан ҳам чекиниши мумкин, деган фикрни илгари сурган эди. Фитратнинг қаҳрамонлари эса бу ғояни амалда кўрсатиб берадилар. Раҳимбий ўзининг ноқонуний хатти-ҳаракатларини қонунийлаштириш учун диндан бир восита сифатида фойдаланади, Охун ва Қози Низом эса бунга шароит яратиб берадилар.
Бир аср олдин саҳна юзини кўрган
Санъатшунос олим Сотимбой Турсунбоевнинг ёзишича, “Абулфайзхон” фожиасининг илк саҳнавий талқини 1926 йили амалга оширилган. Бироқ советлар даврининг қаттиқ мафкуравий назорати остида бу асар узоқ йиллар давомида саҳна юзини кўрмади. Унинг мазмунидаги ҳокимият учун кураш, ҳукмдорнинг масъулияти ва сарой фитналари каби мавзулар совет тузуми учун “ёт” ҳисобланарди.
Асарнинг ҳақиқий қайта кашф этилиши ўтган асрнинг 90-йиллари бошларига, яъни қайта қуриш ва ошкоралик йилларига тўғри келди. 1990 йили Қашқадарё театрида истеъдодли режиссёр Баҳодир Назаров томонидан саҳналаштирилган спектакль маданий ҳаётда катта воқеа бўлди. Мунаққидларнинг таъкидлашича, бу спектакль нафақат Фитрат ижодини қайта ўрганиш, балки тарихни янгича идрок этиш, ўтмиш ва бугун ўртасидаги боғлиқликни топиш йўлидаги муҳим қадам эди. Режиссёр воқеаларни саҳнада шахмат ўйинига қиёслаб, ҳокимият учун курашнинг аёвсиз ва ҳисоб-китобли табиатини кўрсатиб берган.
Орадан тўрт йил ўтиб, 1994 йили Ўзбек Миллий академик драма театрида режиссёр Марат Азимов “Абулфайзхон”ни янгича талқинда саҳнага олиб чиқди. Бу спектаклда режиссёр асар матнига анча эркин ёндашиб, уни қисқартирган ва баъзи образларни тушириб қолдирган. Унинг мақсади тарихий воқеликни эмас, балки ҳокимиятнинг инсон руҳиятига кўрсатадиган емирувчи таъсирини, шахс фожиасини биринчи ўринга олиб чиқиш эди. Бош ролни ижро этган Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов ўзининг маҳорати билан Абулфайзхоннинг ички изтиробларини, иродасизлиги ва фожиасини юксак бадиий даражада оча олган. Бу икки спектакль Фитрат асарининг нақадар серқирра эканини, унинг ҳар бир даврда ўзгача талқин қилиниши ва янгича маъно касб этиши мумкинлигини исботлади.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади,
ЎзА