Мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида кенг қамровли ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 3 январда “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қабул қилган қарор бу борада дастурамал бўлди. Мазкур қарор асосида Хоразм вилоятида ҳам хавфсиз муҳитни яратиш йўлида янги тизим жорий этилмоқда.
Энди аҳоли гавжум жойларда “ташвиш тугмалари” орқали тезкор ёрдам чақириш имкони яратиляпти. Жойларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хоразм вилоят қўриқлаш бошқармаси фаолиятида ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. Масалан, 2024 йил август ойида қўриқловдаги объектлар сони 2 минг 772 тани ташкил этган бўлса, жорий йил август ойида бу кўрсаткич 5 минг 18 тага етган — яъни 81 фоизга ошган. Шу билан бирга, қўриқловга қабул қилинган хонадонлар сони ўтган йили август ойида 2 минг 131 та, жорий йилнинг шу ойида эса 5 минг 860 тага етган. Бу эса 175 фоизлик ўсиш даражасини кўрсатади.
[gallery-24650]
– Эндиликда Қўриқлаш бошқармаси ходимлари мулкий жиноятларнинг олдини олиш билан бир қаторда, жамоат жойларида хавфсизликни таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича ҳам самарали фаолият юритмоқда. Шу мақсадда Урганч шаҳри ва Урганч туманидаги бозорлар, истироҳат боғлари ҳамда аҳоли гавжум жойларга 32 та махсус "Ташвиш тугмаси" ўрнатилди, – дейди Хоразм вилоят қўриқлаш бошқармаси бошлиғи, Баҳодир Ҳасанов. – Бу тугмалар орқали фуқаролар ҳудудда содир бўлаётган шубҳали ҳолатлар ёки можароли вазиятлар ҳақида ички ишлар органларини зудлик билан хабардор қилишлари мумкин. Махсус тугмалар сони шу йил охиригача 100 та бўлади.
Мутасаддилар таъкидлашича, бу янгилик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим қадам бўлиб, тизим босқичма-босқич барча туман ва шаҳарларда жорий этилади. Айни пайтда бу ишлар изчил равишда амалга оширилмоқда.
“Ташвиш тугма”лари — бу нафақат тезкор хабар бериш воситаси, балки жамоат жойларида тартиб ва хавфсизликни таъминлашнинг замонавий усулидир. Энг муҳими, бундай тизим фуқароларда ҳуқуқбузарликларга нисбатан бефарқ бўлмаслик туйғусини уйғотади. “Ташвиш тугма”лари орқали каттами, кичикми, ҳар биримиз хавфсиз муҳит яратилишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/CLgiF-S5Br8" title="“Tashvish tugma”lari o‘rnatilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари