"Ташаббусли бюджет": депутатлар қайси лойиҳаларни танлади?
Бу йилги “Ташаббусли бюджет” жараёнларида илк бор парламент қуйи палатаси депутатларига танловда ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан лойиҳаларни танлаб олиш имконияти берилди. Март ойи якунидаги ўрганишлар давомида депутатлар бу ваколатдан фойдаланган ҳолда жойлардаги ғолиб бўлмаган кўплаб лойиҳалар молиялаштирилишида ташаббус кўрсатишди.
Хўш, халқ вакиллари мазкур жараёнда қандай лойиҳаларни танлаб олди?
"Адолат" СДП фракцияси раҳбари Робахон Маҳмудова Фарғона вилоятининг чекка бир ҳудуди, Қирғизистон билан чегарадош бўлган Гулпиён маҳалласида ўрганишлар олиб борди. Чегараолди бу ҳудудда ўзбек, қирғиз ва тожик миллатига мансуб ватандошларимиз асрлар давомида аҳил-иноқ яшаб келишмоқда. Бироқ, бу ердаги инфратузилма аҳволи бугунги давр талабларига тўлақонли жавоб бермайди.
Маҳалла аҳли ички йўлларни асфальтлаш учун «Ташаббусли бюджет» лойиҳасига 1 миллиард 647 миллион сўмлик таклиф киритган эди. Аммо чегараолди ҳудудида алоқа ва интернет сифати пастлиги сабабли аҳоли етарли овоз тўплай олмаган ва лойиҳа ғолиблар қаторидан жой олмади.

Натижада ҳудуддаги 50- ва 36-умумтаълим мактабларига қатнайдиган юзлаб ўқувчилар ҳамон чанг ва лой кўчалардан юришга мажбур бўлаётган эди. Уч километрлик ички йўлнинг абгор ҳолати нафақат транспорт ҳаракатига, балки аҳоли кайфиятига ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани бор гап.
Р.Маҳмудова “Гулпиён” МФЙ ҳудудидаги ички йўлларни таъмирлаш ва асфальтлаш ишларини молиялаштириш бўйича ташаббусни қўллаб-қувватлаган ҳолда ушбу лойиҳани танлади.
***
ЎзЛиДеП етакчиси Актам Ҳаитов эса Шаҳрисабз тумани тиббиёт бирлашмасини танлади. Нега айнан бу ҳудуд?
Шаҳрисабз туманида 245 минг нафар аҳоли яшайди. Тиббиёт муассасаларида эса қарийб 3 минг нафар малакали шифокор хизмат кўрсатяпти. Шунча аҳолига хизмат қиладиган шифохонанинг шароитини яхшилаш, қулайликлар яратиш аҳоли саломатлигини таъминлашда муҳим. Шу боис, партия етакчиси ЎзЛиДеПнинг сайловолди дастурида белгиланган замонавий тиббий шароитлар яратиш ва инфратузилмани ривожлантириш борасидаги вазифалардан келиб чиқиб, тиббиёт муассасасини танлади.

***
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилдора Камолова Тошкент шаҳри Учтепа туманида ўрганишлари давомида 492-давлат мактабгача таълим ташкилотини таъмирлашга қаратилган лойиҳани обдон ўрганди. Депутат ушбу мактабгача таълим ташкилотини таъмирлаш бошқа лойиҳаларга нисбатан муҳим, деган хулосага келди ва амалдаги тартибга кўра, ушбу лойиҳага депутат ташаббусига кўра ғолиб деб эълон қилиш бўйича ўз овозини берди.

Қонунчилик палатасининг қолган депутатлари ҳам “Ташаббусли бюджет” жараёнида ўзларига берилган ваколатдан унумли фойдаланган ҳолда жойлардаги энг долзарб деб топилган лойиҳаларни танлади ва уларнинг молиялаштирилишига, аҳолига қулайликлар яратилишига ўз ҳиссаларини қўшди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА