Тарих, ишонч ва манфаатлар уйғунлиги: Ўзбекистон – Россия ҳамкорлигининг замонавий қиёфаси
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар бугунги кунда икки томонлама ҳамкорлик намунаси сифатида изчил ривожланмоқда. Мазкур алоқалар тарихий яқинлик, сиёсий мулоқот барқарорлиги, иқтисодий манфаатлар уйғунлиги, маданий-гуманитар ришталар ҳамда минтақавий ва халқаро масалалардаги ўзаро англашувга асосланган. Шу жиҳатдан, айни жараён нафақат икки давлат манфаати, балки Марказий Осиёда барқарорлик, иқтисодий тараққиёт ва минтақавий ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Тошкент давлат шарқшунослик университети “Халқаро муносабатлар” кафедраси таянч докторанти Жахонгир Алиев сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот мунтазам ва очиқ тус олиб, олий даражадаги учрашувлар стратегик шерикликнинг амалий мазмунини янада бойитаётганига эътибор қаратган. Хусусан, 2026 йил 8 май куни Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ўртасида бўлиб ўтган учрашув икки томонлама муносабатларнинг замонавий босқичидаги муҳим сиёсий воқеалик ўлароқ баҳоланди. Ушбу мулоқот давомида кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатини янада мустаҳкамлаш, аввалги олий даражадаги келишувлар ижросини таъминлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноат, энергетика, металлургия ва бошқа устувор соҳалардаги қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур мулоқот икки давлат раҳбарлари ўртасидаги сиёсий ишонч юқори даражада эканини яна бир бор намоён этди. Зеро, ҳар қандай стратегик шерикликнинг барқарор ривожланиши, аввало, сиёсий ирода, ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш ва узоқ муддатли ҳамкорликка тайёрлик билан белгиланади. Ўзбекистон ва Россия муносабатларида айнан шу омиллар яққол кўзга ташланмоқда. Томонлар мавжуд имкониятларни чуқур таҳлил қилган ҳолда, ҳамкорликни анъанавий йўналишлар билан чеклаб қолмасдан, янги иқтисодий, технологик ва гуманитар соҳаларда ҳам кенгайтиришга интилаётгани муҳим.
Бугунги кунда ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири савдо-иқтисодий алоқалар ҳисобланади. Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий шериклик амалий натижаларга таянади. Саноат кооперацияси, энергетика, металлургия, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, машинасозлик ва ҳудудлараро ҳамкорлик соҳаларидаги қўшма лойиҳалар иқтисодий пойдеворни мустаҳкамламоқда. Айниқса, ишлаб чиқариш тармоқларида кооперация алоқаларининг кенгайиши иқтисодиётларни ўзаро тўлдириш имконини юзага чиқарди.
Ўзбекистон учун Россия бозори экспорт салоҳиятини кенгайтириш, саноат маҳсулотларини етказиб бериш, меҳнат ресурслари, технология ва инвестиция оқимини ривожлантириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Россия учун эса Ўзбекистон Марказий Осиёдаги муҳим иқтисодий ҳамкор, истиқболли бозор ва минтақавий барқарорликни таъминлашда ишончли шерик ҳисобланади. Шу боис икки томонлама иқтисодий муносабатлар оддий савдо алмашинувидан анча кенг мазмун касб этиб, саноат кооперацияси, инвестициявий ҳамкорлик ва ҳудудлараро алоқалар орқали тобора чуқурлашиб бормоқда.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати – ҳудудлараро алоқалар фаоллашуви. Ўзбекистон ҳудудлари ва Россия Федерацияси субъектлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик ривожланиши амалий иқтисодий лойиҳаларни кўпайтириш, инвестицияларни жалб этиш, қўшма корхоналар ташкил қилиш ҳамда экспорт-импорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Бу жараён марказий ҳукуматлар даражасидаги келишувларни аниқ иқтисодий ташаббусларга айлантириш имконини бермоқда. Ҳудудлараро ҳамкорлик, айниқса, кичик ва ўрта бизнес, қишлоқ хўжалиги, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, таълим ва маданий алмашинув соҳаларида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Энергетика соҳаси Ўзбекистон – Россия ҳамкорлигининг стратегик йўналиши ҳисобланади. Энергетика хавфсизлиги, саноат ишлаб чиқариши барқарорлиги ва иқтисодий ўсиш ушбу соҳадаги ҳамкорлик билан бевосита боғлиқ. Ўзбекистон иқтисодиётининг модернизация қилиниши, саноат тармоқларининг кенгайиши ва аҳоли эҳтиёжи ортиб бориши энергия ресурсларига талабни оширмоқда. Шу нуқтаи назардан, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик нафақат икки томонлама иқтисодий манфаат, балки минтақавий барқарорлик ва узоқ муддатли тараққиётга ҳам хизмат қилади.
Саноат ва металлургия соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам истиқболли йўналишлар қаторига киради. Қўшма ишлаб чиқариш лойиҳалари, технологик тажриба алмашинуви, инвестиция жалб қилиш ва маҳаллийлаштириш дастурлари Ўзбекистон саноати салоҳиятини оширишда муҳим омилдир. Бундай лойиҳалар янги иш ўринлари яратиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, илмий-техник салоҳиятни кучайтириш ва иқтисодиётда қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш имконини беради.
Ўзбекистон ва Россия муносабатларида маданий-гуманитар алоқалар ҳам алоҳида ўрин тутади. Таълим, фан, маданият, санъат, ёшлар алмашинуви, олий таълим муассасалари ҳамкорлиги, қўшма илмий лойиҳалар ва маданий тадбирлар икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамламоқда. Айниқса, таълим соҳасидаги ҳамкорлик келажак авлод мутахассисларини тайёрлаш, илмий мактаблар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш ва инновацион тафаккурни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик фақат маданий тадбирлар ёки илмий алмашинувлар билан чекланмай, халқлар ўртасидаги ишонч, тарихий яқинлик, инсоний ришталар ва маънавий қадриятлар узвийлигини ҳам мустаҳкамлайди. Шу маънода, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги маданий алоқалар стратегик шерикликнинг ижтимоий пойдеворидир. Зеро, сиёсий ва иқтисодий муносабатлар барқарорлиги кўп жиҳатдан халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва англашувга боғлиқ.
Ўзбекистон – Россия муносабати истиқболи яна бир қатор устувор йўналишларда кўринади. Биринчидан, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва экспорт-импорт таркибини диверсификация қилиш зарур. Бу икки давлат иқтисодиётлари ўртасидаги ўзаро манфаатли алмашинувни кучайтиради. Иккинчидан, саноат кооперацияси ва қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини жадаллаштириш иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади. Учинчидан, транспорт-логистика соҳасидаги имкониятларни кенгайтириш Ўзбекистоннинг минтақавий транзит салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Тўртинчидан, таълим, фан ва инновация соҳасидаги ҳамкорлик келажак иқтисодиёти учун зарур малакали мутахассислар тайёрлаш имконини беради.
Шунингдек, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, ахборот технологиялари ва инновацион ишлаб чиқариш соҳалари ҳам келгусидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларига айланиши мумкин. Бугунги глобал рақобат шароитида давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик фақат хом ашё ёки тайёр маҳсулот савдоси билан чекланиб қолмаслиги лозим. Аксинча, технология алмашинуви, илмий тадқиқот, стартап, рақамли хизмат ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш узоқ муддатли тараққиётнинг асосий омилларидир.
Ўзбекистон – Россия ҳамкорлиги минтақавий хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам муҳим. Марказий Осиё геосиёсий, иқтисодий ва транспорт жиҳатдан тобора муҳим минтақага айланаётган бир пайтда, йирик ҳамкор давлатлар билан мувозанатли, ўзаро манфаатли ва конструктив алоқаларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Россия билан стратегик шериклик бу жараёнда минтақавий барқарорлик, иқтисодий ўсиш ва хавфсизлик масалаларида амалий аҳамият касб этмоқда.
Умуман, Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлиги тарихий яқинлик, сиёсий ишонч, иқтисодий манфаатлар, маданий-гуманитар ришталар ва истиқболли лойиҳалар асосида ривожланмоқда. Мазкур муносабатлар икки давлат учун ҳам амалий аҳамиятга эга бўлиб, замонавий халқаро муносабатлар тизимида ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва манфаатли шериклик тамойилларига таянади. Келгусида ушбу ҳамкорликни янада чуқурлаштириш Ўзбекистоннинг иқтисодий модернизацияси, ташқи сиёсий фаоллиги, минтақавий интеграциядаги ўрни ва халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу боис Ўзбекистон – Россия стратегик шериклигининг замонавий босқичи фақат бугунги дипломатик алоқалар ёки иқтисодий лойиҳалар йиғиндиси эмас, балки тарихий хотира, амалий манфаатлар ва келажак тараққиётини бирлаштирган кенг қамровли ҳамкорлик модели сифатида баҳоланиши лозим. Ушбу модел барқарор ривожланиши икки халқ дўстлигини мустаҳкамлаб, тинчлик ва барқарорликни таъминлайди ҳамда ўзаро манфаатли тараққиёт учун янги имкониятлар очади.
Мусулмон Зиё,ЎзА