Тараққиётнинг муҳим йўналиши
Муносабат
Боку шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Бутунжаҳон урбанизация форумининг 13-сессияси бугунги глобаллашув шароитида шаҳарлар келажаги, барқарор ривожланиш ва инсон ҳаёти сифатини яхшилашга қаратилган энг муҳим халқаро майдонлардан бири сифатида катта аҳамият касб этди.
Мазкур нуфузли форумда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иштироки мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўси ва глобал масъулиятини яна бир бор яққол намоён этди.

Бугунги кунда урбанизация жараёнлари дунё миқёсида жадал суръатлар билан давом этмоқда. БМТ прогнозларига кўра, яқин ўн йилликларда дунё аҳолисининг аксарияти шаҳар ҳудудларида яшаши кутилмоқда. Шу билан бирга, инфратузилма, экология, уй-жой таъминоти ва ижтимоий тенглик масалалари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, миллионлаб инсонларнинг муносиб яшаш шароитларидан маҳрум экани глобал ҳамжамият олдида жиддий муаммолар мавжудлигини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан, Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар барқарор урбанизацияни таъминлаш, шаҳарларни экологик жиҳатдан хавфсиз ва яшаш учун қулай ҳудудларга айлантириш, ҳамда аҳолининг турмуш даражасини оширишга қаратилгани билан алоҳида эътиборга лойиқдир.
Давлатимиз раҳбари томонидан урбанизация жараёнларини инсон манфаатлари билан уйғун ҳолда олиб бориш, “яшил шаҳарлар” концепциясини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш ва замонавий инфратузилмани ривожлантириш масалаларига алоҳида урғу берилди.Ўзбекистон мисолида сўнгги йилларда бу йўналишда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Уй-жой қурилиши ҳажмининг кескин ошиши, янги турар-жой массивларининг барпо этилиши, шаҳар инфратузилмасининг модернизация қилиниши ҳамда рақамли бошқарув тизимларининг жорий этилиши бунинг яққол амалий ифодасидир.
Форум доирасида илгари сурилган энг муҳим ташаббуслардан бири сифатида 2030 йилда БМТнинг Бутунжаҳон урбанизация форумининг навбатдаги сессиясини янги Тошкент шаҳрида ўтказиш ва унинг асосий мавзусини “Шаҳарларнинг барқарор ривожланишида маҳалла институтининг ўрни” деб номлаш таклифи алоҳида аҳамият касб этади. Бу ташаббус Ўзбекистоннинг нафақат урбанизация, балки жамият бошқарувида ҳам ўзига хос миллий ёндашувга эга эканини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар барқарор урбанизация, инсон қадрини улуғлаш ва глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. Бу ташаббуслар Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаол ва масъулиятли иштирокини яна бир бор тасдиқлайди ҳамда келажак шаҳарларини барпо этишда янги ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилади.
Нурлибай Қайпбергенов,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси.
ЎзА.