Таълим тизимини рақамлаштиришнинг янги босқичи
Ҳозирда замонавий технологиялар, хусусан, сунъий интеллект ва рақамли платформалар ўқув жараёнининг ажралмас қисмига айланиб, анъанавий ёндашувларни янгича мазмун билан бойитмоқда. Шу нуқтаи назардан, “Инсон ва рақамли агентлар ҳамкорлиги: таълим тизими олдидаги чақириқлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция таълим соҳасидаги долзарб масалаларни чуқур таҳлил қилишга хизмат қилди.
Мазкур конференцияда таълим жараёнларини рақамлаштириш ҳамда инновацион педагогик технологияларни амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди. Конференцияда сўзга чиққан мутахассислар рақамлаштириш жараёнлари ҳар бир соҳада, айниқса таълим тизимида сезиларли ўзгаришларни юзага келтираётганини таъкидлади.

Сунъий интеллект технологияларининг жорий этилиши ўқув жараёнини индивидуаллаштириш, билимларни самарали етказиш ва баҳолаш тизимини такомиллаштириш имконини бермоқда. Шу билан бирга, инсон ва рақамли агентлар ўртасидаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш замонавий таълимнинг муҳим вазифаларидан бири сифатида эътироф этилди.

Конференция нафақат илмий муҳокамалар билан, балки амалий натижалар билан ҳам аҳамиятли бўлди. Хусусан, “Science and innovation” компанияси, “Мирзо Улуғбек ворислари” тайёрлов ўқув курслари маркази ҳамда Ўзбек-Француз университети ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Ушбу келишувлар таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга хизмат қилади.

Мазкур халқаро илмий-амалий конференция таълим тизимини рақамлаштириш, сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда инсон ва рақамли агентлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлди. Унда илгари сурилган ғоялар ва таклифлар нафақат назарий, балки амалий аҳамиятга эга бўлиб, таълим тизимини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА