Таълим сифатини ошириш – фаровонлик кафолати
Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан “Учинчи ренессанс” пойдеворини қўйиш йўлида кенг кўламдаги амалий ишлар олиб бориляпти. Ушбу мақсадларга эришишнинг самарали йўли сифатида эса таълим соҳасини ислоҳ қилиш ва уни янги босқичга олиб чиқиш борасида Давлат дастурида ҳам бир қатор вазифалар назарда тутилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга ошириш бўйича давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси амалий чора-тадбирлар режасининг биринчи йўналиши “Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш” деб номланган. Унда мактабгача таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда болаларнинг тўлиқ қамровини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Бинобарин, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов тизими билан қамров даражасини ошириш, янги 337 та бир йиллик мажбурий гуруҳлар ташкил қилиш натижасида гуруҳлар сонини 7 минг 900 тага етказиш белгиланмоқда. Бунда давлат мактабгача таълим ташкилотларида 67 та, умумий ўрта таълим мактабларида 263 та, техникумларда 2 та, МФЙларда 3 та, бошқа биноларда 2 та гуруҳлар ташкил этиш ва уларда 8 минг 816 нафар болани қамраб олиш имконияти яратилади.
Дастурнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, унда таълимнинг асосий босқичи саналган умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг билим сифатини баҳолашга доир вазифалар ҳам ўрин олган. 2024-2025 ўқув йили якунида 1500 та умумтаълим мактабида жорий этилган билимни баҳолашнинг янги тартиби тизимдаги самарадорликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири, десак муболаға бўлмайди. Таҳлиллар натижасида мазкур тартиб янада такомиллаштирилиб, 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб баҳолаш тизими жорий этиладиган мактаблар сони 3 мингтага етказилади.
Албатта, мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқишнинг бирдан-бир йўли хорижий тажрибаларга асосланган ҳолда таълим сифатини ривожлантиришдир. Шу боисдан ҳам дастурда умумий ўрта таълим муассасаларига 500 нафар хорижий мутахассисларни жалб этиш назарда тутилмоқда. Мутахассисларни жалб этиш мақсадида вазирликнинг расмий ижтимоий саҳифалари орқали хорижий мутахассислар учун эълонлар берилиб, улар суҳбат ташкил этиш орқали танлаб олинади.
Қабул қилинаётган ушбу Дастур юртимизда таълим сифатини ошириш орқали фаровонликка эришишнинг кафолати бўлиб қолишига ишонамиз.
Раъно Ризаева,
Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати.
ЎзА