Таълим сифати – устувор вазифа
Бугунги кунда мамлакатимиз мактабгача ва мактаб таълими босқичларида ислоҳотларни чуқурлаштириш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармасида навбатдаги кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда бошқарма аппарати ходимлари, ҳудудий бўлимлар раҳбарлари ҳамда “Келажак” марказлари директорлари иштирок этди.
Йиғилиш давомида белгиланган вазифалар ижроси танқидий руҳда кўриб чиқилиб, таълим тизимининг энг муҳим йўналишлари атрофлича таҳлил қилинди. Хусусан, 1-синфга қабул жараёнларини пухта ташкил этиш, халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик, айниқса, PIRLS тадқиқотига муносиб тайёргарлик кўриш, фан олимпиадаларининг саралаш босқичларида юқори натижаларга эришиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, педагог ходимларни аттестациядан ўтказиш жараёнларини шаффоф ва адолатли ташкил этиш, мактабгача таълим қамровини кенгайтириш орқали янги муассасаларни ишга тушириш, кам таъминланган оилалар фарзандларини таълимга кенг жалб қилиш каби вазифалар долзарб йўналиш сифатида белгилаб олинди.
Йиғилишда инклюзив таълимни ривожлантириш, бу соҳадаги мактабларни малакали мутахассислар билан таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Шу билан бирга, “Келажак” марказлари фаолияти самарадорлиги, “Жасорат мактаблари”нинг тайёргарлик даражаси, Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик хоналарининг жиҳозланиши каби масалалар таҳлил қилиниб, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Бундан ташқари, спорт синовларини юқори савияда ташкил этиш, сунъий интеллектга оид топшириқлар ижросини таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳамда мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олди.

Таҳлиллар натижасида камчиликларга йўл қўйган масъул шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш, шунингдек муаммоли мактаблар билан манзилли ишлаш вазифалари юклатилди.
Мазкур йиғилиш таълим тизимидаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларга ечим топиш ва келгуси устувор вазифаларни белгилаб олишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.