Талабалар янги ўқув йилини янги мақсадлар билан бошлади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Олий таълим муассасаларида янги ўқув йилининг илк куни алоҳида кўтаринки руҳда бошланади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон давлат университетида ҳам 2026/2027-ўқув йили янги мақсад ва эзгу ниятлар билан бошланди.
Талабалар янги ўқув йилини «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» ғояси асосидаги «Мустақиллик дарслари» билан бошлади. Машғулотларда мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотлар, юртимиз тараққиёти, ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳамда уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштироки ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
[gallery-31276]
Айни ўқув йилида Андижон давлат университети талабалари сафига 5 минг 200 нафар йигит-қиз қабул қилинди. Бугунги кунда университетда 16 мингдан зиёд талаба 50 га яқин бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 27 та магистратура мутахассислиги бўйича таҳсил олмоқда.
Таълим жараёнини самарали ташкил этишда университетнинг юқори илмий-педагогик салоҳиятга эга профессор-ўқитувчилари жамоаси муҳим ўрин тутади. Жамоа таркибида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 1 нафар академиги, 30 дан зиёд профессор, 57 нафар фан доктори ҳамда 162 нафардан зиёд фан номзоди ва фалсафа доктори (PhD) фаолият юритмоқда.
Янги ўқув йилининг бошланиши талабалар учун билим ва тажрибаларини бойитиш, янги мақсадлар сари интилиш ва келгуси режаларини амалга оширишнинг янги босқичи бўлди.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА