Талабалар олимпиадаси – соғлом турмуш, куч ва ғалаба сари интилиш
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро давлат педагогика институти Жисмоний маданият факультетида “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” спорт мусобақасининг тантанали очилиш маросими ташкил этилди.
Мазкур йирик спорт тадбири талаба-ёшларнинг жисмоний салоҳиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ҳамда уларнинг спортга бўлган қизиқишини янада кучайтиришга қаратилган муҳим ташаббус ҳисобланади.
[gallery-28634]
Таъкидлаш жоизки, ушбу кенг кўламли спорт лойиҳаси давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 февраль куни ёшлар билан ўтказган учрашувида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Мазкур ташаббус ёшлар сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга хизмат қилади.
Мусобақа Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси ҳамкорлигида республика олий таълим муассасалари талабаларини қамраб олган ҳолда ўтказилмоқда.
Олимпиада доирасида спортнинг турли йўналишлари бўйича беллашувлар ташкил этилиши режалаштирилган. Талабалар ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, ирода кучи ва ғалабага бўлган интилишини намоён этиш имкониятига эга. Шу билан бирга, мазкур спорт тадбири ёшлар ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ва соғлом рақобат муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА