Талабалар иштирокидаги Наврўз сайили
Баҳор ва табиат уйғонишининг тимсоли, шарқона янги йилнинг бошланиши бўлган Наврўзи оламни баланд руҳ ва катта шодиёна билан нишонлаш азал-азалдан элу юртимиз учун гўзал анъана ҳисобланади.
Халқимизнинг кўп асрлик эзгу қадриятлари, унинг орзу-интилишларини ўзида мужассам этган ушбу қутлуғ айём мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элатларга мансуб барча ватандошларимиз учун умумхалқ байрамига айланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 4 мартдаги қарорига биноан, 2024 йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда «Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!» деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ ва юқори даражада кенг нишонлаш вазифаси белгиланган.
Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нурафшон филиалида «Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!» деб номланган Наврўз сайили тадбири ўтказилди.
Талабалар, ишчи-ходимлар, масъуллар бошчилигида баҳорнинг тансиқ ва севимли таоми – сумалак пиширилди. Дошқозон атрофида миллий қўшиқлар, дилтортар лапарлар айтилди.
Наврўз сайили Нурафшон шаҳар маданият уйи, 12-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ҳамда ижодкор талабаларнинг Ватанни мадҳ этувчи гўзал шеър-қўшиқлари ва рақслари билан давом этди. Сайил давомида талаба-ёшлар стол тенниси, шахмат-шашка, армрестлинг, арқон тортиш каби спорт турларида куч синашди.
Сайл ниҳоясида ифторлик дастурхони ташкил қилинди. Тадбир талаба-ёшлар иштирокида «Navroʼz party" мусиқий оқшоми билан якунланди.
Н.Раҳмонова, ЎзА.