Тактик ўқув машқлари ўтказилди
“Ёнғиндан огоҳлик” умуммиллий компанияси доирасида Сирдарё иссиқлик электр станциясида йирик тактик ўқув машғулоти ўтказилди. Унинг мақсади – ёз-куз мавсумида хавфсизликни мустаҳкамлаш, энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш ва эҳтимолий фавқулодда ҳолатларга тайёргарликни оширишдан иборат бўлди.
Машғулотларда Сирдарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва станциянинг масъул соҳа ходимлари ҳамкорликда иштирок этишди. Цех ҳудудида шартли ёнғин ҳолати яратилиб, қутқарувчилар ва ходимларнинг ҳаракатлари, техника ва воситаларнинг уйғунликдаги иши синовдан ўтказилди.

Хусусан, 6-мазут сақлаш сиғимидаги ёнғин симуляция қилинди. Ходимлар тезкор ҳаракат қилиб, ёнғинни бартараф этишда самарали йўл-йўриқларни намойиш этишди. Бу жараёнда ҳамкорликни мувофиқлаштириш, хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш ва фавқулодда вазиятда аниқ қарор қабул қилиш кўникмалари мустаҳкамланди.

Станциянинг “ Иншоотларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш бўлими” бошлиғи, майор Ғиёсбек Қодиров машғулот аҳамиятини қуйидагича изоҳлади:

– Бундай амалий машғулотлар ходимларнинг фавқулодда вазиятларда тез ва аниқ қарор қабул қилиш қобилиятини ривожлантиради. Биз учун энг асосий мақсад – станциянинг барқарор ишлаши билан бирга аҳоли ва энергетика объектларини ҳар қандай хавфдан ҳимоя қилишдир.
Шунингдек, машғулотлар давомида аҳолининг тўғри ҳаракат қилиш кўникмалари ҳам синовдан ўтказилди. Қутқарув тузилмалари ва фуқаро муҳофазаси хизматлари иштирокида юзага келиши мумкин бўлган талафотларнинг олдини олиш усуллари амалий кўрсатилди. Тадбир якунида иштирокчиларга ёнғин хавфсизлиги бўйича амалий йўриқнома ва тавсиялар тарқатилди.
Ғулом Примов, ЎзА