Таклиф этилаётган инновацион ғоянинг аҳамияти
Бугун дунё сув учун курашаётган бир пайтда, оддий ёмғир сувини ҳам асраб, уни қишлоқ хўжалиги эҳтиёжига йўналтириш стратегик аҳамият касб этмоқда. Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, ҳозир дунёда қишлоқ хўжалиги соҳаси жами чучук сув захираларининг қарийб 70 фоизини истеъмол қилади. Шу билан бирга, сув танқислиги тобора кучайиб, миллиардлаб инсонлар сув етишмовчилиги шароитида яшамоқда.
Айниқса, сув танқислиги йилдан-йилга кескинлашаётган қишлоқ ҳудудлари учун ёмғир сувини йиғиш ва қайта фойдаланишга қаратилган инновацион тизимлар ҳаётий эҳтиёжга айланмоқда. Энг муҳими, бу каби технологиялар катта сув омборлари ёки қиммат инфратузилмасиз ҳам амалга оширилиши мумкин.
Таклиф этилаётган инновацион ғоя ана шу жиҳати билан аҳамиятли. Унда ёмғир ёққан пайтда хонадон ёки фермер хўжалиги том қисмига тушган сув тарновлар орқали махсус сув йиғиш тизимига йўналтирилади. Сув дастлаб бетон билан мустаҳкамланган, устки қисми тош, кейинги қатлами қум, сўнгги қисми шағал билан тўлдирилган, энг паст қисми эса сув ўтказмайдиган махсус бетон қоплама билан ҳимояланган фильтрловчи иншоотдан ўтади. Бу жараёнда сув табиий тарзда тозаланади ва техник суғориш учун яроқли ҳолатга келади.
Тизимнинг энг муҳим қисми — шағал қатлами ичига кўплаб майда тешикчаларга эга махсус қувур жойлаштирилганидир. Ана шу қувур орқали фильтрланган сув – сув ўтказмайдиган махсус қудуқчага йиғилади. Қудуқ тагига ўрнатилган сув насоси эса йиғилган сувни фавворали ёки томчилатиб суғориш тизимларига узатади. Натижада ҳатто қисқа муддатли ёмғирдан ҳам катта ҳажмдаги сувни тежаб қолиш имкони пайдо бўлади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ёмғир сувини йиғиш технологиялари ер ости сувларига бўлган босимни камайтиради, сув исрофининг олдини олади ва қурғоқчилик хавфини юмшатади. Айрим давлатларда ана шундай тизимлар орқали миллионлаб литр сув тежаб қолинаётгани қайд этилмоқда. Масалан, Ҳиндистоннинг Пуна шаҳрида жорий этилган ёмғир сувини йиғиш тизимлари айрим турар жой мажмуаларида ташқи сув таъминотига қарамликни бир неча баробар камайтирган.
Энг аҳамиятлиси, мазкур технологияни маҳаллий шароитда, катта харажатсиз барпо этиш мумкин. Тош, қум, шағал, бетон ҳалқалар ва оддий насос қурилмаси асосида йиғиладиган бундай тизим сув танқис ҳудудлардаги аҳоли томорқалари, иссиқхоналар ва кичик фермер хўжаликлари учун айни муддао бўлиши мумкин.
Бугун иқлим ўзгариши, қурғоқчилик ва сув танқислиги инсоният олдидаги энг оғир синовлардан бирига айланаётган бир пайтда ҳар бир томчи сувнинг қадри ортмоқда. Ана шундай шароитда ёмғир сувини ҳам асраб, уни яна экинга қайтаришга қаратилган бу каби инновацион ечимлар нафақат иқтисодий самара, балки экологик барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири