Таэквондо WT: Шоҳжаҳон Холмуродов бронза медали соҳиби
Тошкент шаҳри мезбонлик қилаётган таэквондо WT бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати қизғин ва муросасиз ўтмоқда.
Мусобақанинг учинчи куни Ўзбекистон терма жамоаси яна бир медалга эга чиқди. -45 кг. вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Шоҳжаҳон Холмуродов муваффақиятли иштирок этиб, ярим финалга қадар етиб борди.

Финал йўлланмаси учун кечган беллашувда ҳамюртимизга Таиланд вакили Канбусакорн Пичайсонгкрам рақиблик қилди. Шиддатли ва кескин курашларга бой тарзда ўтган баҳсда таиландлик спортчининг қўли баланд келди ва Шоҳжаҳон Холмуродов мусобақани бронза медали билан якунлади.
Шу тариқа, учинчи кун якунларига кўра, миллий жамоамиз ҳисобида 3 та медаль - 1 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза бор.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА