Тадбиркорнинг мурожаатига жавоб бермаган вазир ва ҳоким ўринбосарига жазо қўлланилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес омбудсман) девони тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан кўриб чиқишда қонун нормаларига риоя этилиши мунтазам равишда ўрганиб келинмоқда.
Хусусан, Нукус шаҳридаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган “Автотранс ХХХ” (номи ўзгартирилган) масъулияти чекланган жамияти раҳбари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлигига йўллаган мурожаат Ўзбекистон Республикаси Жисмоний ва юридик шасхсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунида белгиланган муддатда кўриб чиқилмаганлиги аниқланиб, мазкур ҳолат юзасидан Бизнес омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасида фаолият кўрсатувчи ходимлари томонидан вазирга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилган.
Маъмурий иш жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судида кўриб чиқилиб, маъмурий жарима жазо чораси қўлланилган.
Шунингдек, Қонликўл туманидаги “GREEN WORLD” (номи ўзгартирилган) масъулияти чекланган жамияти раҳбари томонидан Қонликўл тумани ҳокимлигига ер майдони қайтариб беришни сўраб қилган мурожаати Қонликўл тумани ҳокими ўринбосари томонидан кўриб чиқишда қонунда белгиланган муддат бузилганлиги аниқланиб, унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилган.
Маъмурий иш жиноят ишлари бўйича Қонликўл тумани судида кўриб чиқилиб, ҳоким ўринбосарига нисбатан маъмурий жарима жазо чораси қўлланилган.
Бундан ташқари жорий йилнинг ўтган даврида ўнга яқин турли хил лавозимдаги мансабдор шахсларнинг тадбиркорлик субъектлари мурожаатларини кўриб чиқишда қонун талаблари бузилганлиги аниқланиб, уларга нисбатан суд тартибида жазо чоралари қўлланилиши таъминланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА