Самарқанд вилоят солиқ бошқармаси раҳбарияти шаҳар ва туманларда бўлиб, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан очиқ мулоқотлар ўтказмоқда.
Тадбиркорлар сафини янада кенгайтириш, яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида ташкил этилаётган учрашувларда солиқ қонунчилигига оид ўзгариш ва янгиликлар ҳақида сўз юритилиб, хусусий сектор вакилларининг мавжуд муаммо ва таклифлари ўрганилмоқда.

Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Элёр Толлиевнинг Каттақўрғон шаҳрида тадбиркорлар билан учрашувида ҳам солиқ соҳасидаги сўнгги ўзгаришлар, хусусан, Президентимизнинг жорий йил 19 мартдаги “Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ тадбиркорлик субъектларига берилаётган имкониятлар тўғрисида атрофлича маълумот берилди.
Каттақўрғон шаҳрида 562 та кичик ва ўрта бизнес субъекти айланмадан олинадиган солиқ тўловчи сифатида фаолият юритмоқда. Уларнинг 495 таси юридик шахс, 67 таси якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланади.

Шу билан бирга, 1424 нафар якка тартибдаги тадбиркор қатъий белгиланган солиқ тўлаш тартибида фаолият олиб бормоқда. Бу эса шаҳарда кичик савдо, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳалардаги микробизнес субъектларининг сони анча кенглигидан далолат беради.
Айни пайтда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони 13629 нафарни ташкил этмоқда. Бу рақам юртдошларимизнинг меҳнат бозоридаги фаоллиги, оилавий ва кичик ҳажмдаги хизмат турларига талабнинг ошиб бораётгани ҳамда ўзини ўзи иш билан таъминлашга бўлган интилиш юқорилигини кўрсатади.

Таъкидлаш жоизки, ҳукуматимиз томонидан яратилаётган қулай солиқ муҳити, рақамлаштириш орқали юритилаётган шаффоф тизим ва маслаҳат-моддий кўмаклар тадбиркорлик фаолиятини янада фаоллаштиришга хизмат қилмоқда.

Учрашувда бошқарма бошлиғи томонидан тадбиркорларнинг мавжуд муаммо ва таклифлари эшитилди. Баъзи масалалар шу жойнинг ўзида мутахассислар томонидан бартараф этилди.
Солиқ интизомига қатъий амал қилган тадбиркорлар ташаккурнома билан тақдирланди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари