Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланди
Маълумки, Бизнес-омбудсман девони прокуратура органлари билан ҳамкорликда назорат қилувчи идоралар томонидан ўтказилган текширувлар қонунийлигини доимий таҳлил қилиб бормоқда.
Ҳамкорликда олиб борилган навбатдаги текширувлар натижасида 5 нафар якка тартибдаги тадбиркорга ҚҚС гувоҳномаси бериш тўғрисидаги қарорлар ҳақиқий эмас деб топилди.
Хусусан, Бизнес-омбудсман Қашқадарё вилоятидаги 5 нафар якка тартибдаги тадбиркорнинг (ЙТТ) қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчиси сифатида ноқонуний рўйхатга олинганлиги юзасидан қилган мурожаатларини ўрганиб чиқди.
Аниқланишича, Вилоят солиқ бошқармаси жорий йил январь ойида тадбиркорларга хабарнома юбориб, уларни 2025 йилдаги фаолияти асосида ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатга олган. Бунда 2026 йил 1 январдан кучга кирган янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 462-моддаси талаблари асос қилиб олинган.
«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг 41-моддасига кўра, қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас. Яъни, 2026 йилдан кучга кирган янги тартиб тадбиркорларнинг 2025 йилдаги фаолиятига нисбатан қўлланилмаслиги керак эди. Амалдаги тартиб бўйича эса ушбу ЙТТлар ҚҚС тўловчиси ҳисобланмас эди.
Бизнес-омбудсман тадбиркорлар манфаатини кўзлаб Қарши туманлараро маъмурий судига 5 та даъво аризаси киритди. Суд солиқ органининг ҚҚС гувоҳномаларини расмийлаштириш тўғрисидаги қарорларини қонунга зид ва ҳақиқий эмас деб топди. Натижада тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА