Тадбиркорлар манфаати давлат ҳимоясида
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ташкил этилган давра суҳбатида адлия, солиқ, статистика соҳаси мутахассислари, тадбиркорлар, жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ташкил этилган давра суҳбатида адлия, солиқ, статистика соҳаси мутахассислари, тадбиркорлар, жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.– Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу борада қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишбилармон доиралар вакиллари манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга турли имтиёзлар, қулайликлар яратишга хизмат қилмоқда, – дейди Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Саиджамол Султонов. – Бугунги давра суҳбатида тадбиркорларга соҳага доир янгиликлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар, солиқ тизимида мавжуд имтиёз ва преференциялар ҳақида маълумот берилди.
Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизда 525 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритади. Ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоиздан ортиғи юртимиз тадбиркорлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 80 фоизга яқини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида меҳнат қилади.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур йўналишдаги чора-тадбирларни амалга оширишда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Хусусан, “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон бу борада муҳим омил бўлмоқда.
Мазкур фармон асосида бизнес ҳамжамияти ва давлат органлари ўртасида самарали мулоқот ва соғлом шерикчилик механизмларини ривожлантириш, тадбиркорлар билан бизнес-муҳитни такомиллаштириш масалалари бўйича долзарб ахборот алмашинувининг доимий каналини жорий этиш, ўз бизнесини ташкил этиш ва юритишда аҳолига ҳар томонлама кўмак бериш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига сифатли давлат хизматлари кўрсатишни таъминлаш тизими мустаҳкамланди.
Давра суҳбатида Президентимизнинг 2017 йил 29 сентябрдаги “Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юзасидан амалга оширилиши кўзда тутилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, мазкур қарор юридик ва жисмоний шахслар томонидан нақд пулга товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда фискал хотирали назорат-касса машиналар қўлланишини янада такомиллаштириш, шунингдек, аҳоли билан пуллик ҳисоб-китоб қилишни тезкор ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини кенгайтиришга хизмат қилади.
Қарорга мувофиқ, 2018 йил 1 январидан 30 мартигача Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида 500 дан 1000 гача бўлган онлайн назорат-касса машиналари (НКМ) тажриба-синов тариқасида амалиётга жорий этилади. 2018 йил 1 июлидан эса Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятлар марказларида барча юридик шахслар товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда аҳоли билан нақд пулдаги ҳисоб-китобларни мажбурий тарзда онлайн НКМ ёрдамида амалга оширади.
Мазкур назорат-касса машиналари интернет тармоғи ёрдамида ишлаши ҳисобга олинган ҳолда, телекоммуникация тармоқлари билан қамраб олинмаган олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган юридик ва жисмоний шахсларга ҳозирча татбиқ этилмайди.
Давра суҳбатида тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувлар, коррупциянинг олдини олиш борасида ҳам атрофлича тушунчалар берилди. Мутахассислар тадбиркорларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.