Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кучайтирилади
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорлик субъектлари учун тартибга солиш юкини камайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур масала юзасидан маъруза қилган Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Айрим ҳолатларда тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш билан боғлиқ масалаларни суд орқали ҳал этиш амалиёти тадбиркорлар учун ортиқча вақт ва маблағ сарфланишига сабаб бўлмоқда.
Қонун билан Иқтисодий процессуал ҳамда Солиқ кодексларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, солиқ тўловчи солиқ органининг қарорига эътироз билдирмаган тақдирда банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш солиқ органининг қарори асосида амалга оширилиши, эътироз билдирилган ҳолларда эса мазкур масала суд томонидан кўриб чиқилиши назарда тутилмоқда.
Солиқ органининг судга мурожаат қилиш тартиби аниқлаштирилиб, мурожаатга қонун бузилганлигини, солиқ тўловчига хабарнома юборилганлигини ҳамда унинг эътирозини тасдиқловчи далилларни илова қилиш талаби белгиланмоқда.

Қонун билан ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бартараф этилган ёки суд томонидан банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш рад этилган тақдирда, ушбу чекловларни тезкор бекор қилиш механизми ҳам мустаҳкамланмоқда.
Мазкур масала бўйича фикр билдирган Сенат раиси Т.Норбоева тадбиркорларимиз мана шу киритилаётган янги янгиликлардан яхши хабардор бўлишлари кераклигини алоҳида таъкидлади. Ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳам тўғри йўлга қўйилиши керак. Бу борада ҳамма мутасадди ташкилотлар, биринчи навбатда, Солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва бошқа тегишли ташкилотлар кенг қамровли чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқиб, жойларда ташкил қилишлари керак.

Сенаторлар маъқуллаган қонун тадбиркорлик субъектларининг вақт ва маблағ билан боғлиқ ортиқча харажатларини қисқартириш, давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, судлар юкламасини камайтириш ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА