Тадбиркорлар билан ишлашда бепарволик кетмайди
Фарғона вилоятида тўқимачилик, кимё, машинасозлик саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш каби кўплаб соҳаларда дунёнинг етакчи мамлакат вакиллари ўз бизнесларини юритмоқда.
Хусусан, Сингапурнинг “Indorama” компанияси йирик лойиҳаларни амалга ошириб келяпти. Улар орасида “Indorama Kokand Textile” қўшма корхонаси етакчилик қилади. Бу ерда пахта толаси қайта ишланиб, ипга айлантирилади ва хорижий давлатларга экспорт қилинади.
Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров мазкур корхонада бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Ип-калавани матога, кейинчалик тайёр маҳсулотга айлантириш занжирини яратиш бўйича тавсияларини берди.
“Indorama” компанияси томонидан “Қўқон суперфосфат заводи” акциядорлик жамиятига 70 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция сарфланиб, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва кенгайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Корхонанинг биринчи босқичи жорий йил декабрь ойида фойдаланишга топширилади. Вилоят раҳбари суҳбат давомида кейинги лойиҳалар бўйича ҳам фикр алмашди.

Тадбиркорлар мурожаатини белгиланган меъёрлар асосида тезкорлик билан ижобий ҳал этиш, уларга кўмакчи ва суянч бўлиш мақсадида вилоятдаги барча шаҳар-туманларда “Тадбиркорлар уйи” фаолияти йўлга қўйилди.
Вилоят ҳокими Қўқон шаҳридаги “Тадбиркорлар уйи”да иш жараёни қай тартибда йўлга қўйилгани билан қизиқди. Маълум бўлишича, 50 га яқин тадбиркор турли масалаларда мурожаат қилган. Аммо уларнинг муаммосига аниқ ечим топилмаган. Бу ерда иш яхши ташкил этилмагани танқид қилинди. Шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосарига ушбу камчиликларни тезда бартараф этиш ва ҳар куни тадбиркорлар билан ишлаш муҳим эканлиги айтилди.
“Мirus Textile Group” хорижий корхонаси Россия Федерацияси фуқароси ҳисобланган Александр Романов таъсисчилигида ташкил қилинган бўлиб, асосий фаолияти тўқимачилик маҳсулотлари (пайпоқ) ишлаб чиқаришга йўналтирилган.
Вилоят ҳокими ушбу корхона фаолияти билан яқиндан танишар экан, унинг ҳудудида ташландиқ ҳолда турган майдондан оқилона фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Ушбу корхонани молиявий соғломлаштириш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқиб, таклиф киритиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берилди.