Тадбиркорга имконият — мамлакатга тараққиёт
Депутат нигоҳида: Хоразмдаги очиқ мулоқотдан муҳим хулосалар
Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотнинг бу йилги Хоразм заминида ўтказилгани рамзий маънога эга. Тарихий манбаларга назар ташласак, Хоразм азалдан савдо-сотиқ, ҳунармандчилик ва ташқи иқтисодий алоқалар ривожланган ҳудудлардан бири бўлган. Бугун эса мана шу заминда замонавий тадбиркорлик, экспорт ва ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинаётгани тарихий анъаналарнинг бугунги кун билан уйғунлашиб бораётганидан далолатдир.
Мамлакатимизда кичик имкониятни катта бизнесга айлантириш, хонадондан бошланган ташаббусни маҳалла, туман ва ҳудуд миқёсига, керак бўлса, халқаро бозорларга олиб чиқиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Энг муҳими, бу жараён маҳалла ва хонадондан бошланмоқда. Бугун ўзининг кичик ишлаб чиқаришини йўлга қўйган, хизмат кўрсатаётган ёки маҳсулотини хорижга экспорт қилаётган ҳар бир тадбиркор нафақат ўз оиласи фаровонлигини таъминламоқда, балки янги иш ўринлари яратиб, юрт иқтисодий салоҳиятига муносиб ҳисса қўшмоқда. Шу маънода, ҳар бир тадбиркор — мамлакат эртасига дахлдор инсон.
Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар бугун мамлакатимизда яхши анъанага айланди. Бу йилги мулоқот олдидан ҳам 15 майдан бошлаб кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилди. Ҳозирга қадар 50 дан ортиқ вазирлик ва идоралар ёрдамида тузилган штаб орқали тадбиркорларнинг мурожаатлари қабул қилиниб, уларнинг муаммолари ўрганилди, фаолияти таҳлил қилинди.
Тайёргарлик жараёнида 750 дан ортиқ учрашув ўтказилди. Бу рақамлар ортида эса оддий статистика эмас, балки минглаб тадбиркорларнинг ташаббуси, муаммоси, орзуси ва келажак режалари турибди. Бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш жоиз: бугун тадбиркор давлатдан фақат ёрдам кутаётган инсон эмас. У ўз ташаббуси, меҳнати ва масъулияти билан мамлакат тараққиётига дахлдор бўлишга ҳаракат қилаётган фаол кучга айланмоқда.
Очиқ мулоқотларнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, бу майдонда нафақат муаммолар муҳокама қилинади, балки яхши натижа кўрсатаётган тадбиркорлар рағбатлантирилади, уларнинг тажрибаси оммалаштирилади ва янги марралар сари руҳлантирилади. Жорий йилда турли соҳаларда муносиб натижаларга эришиб, давлат мукофотларига сазовор бўлган тадбиркорларнинг бугунги мулоқотда иштирок этаётгани ҳам бунинг яққол ифодасидир.
Мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасидаги ўзгаришларни рақамлар орқали ҳам яққол кўриш мумкин. Очиқ мулоқотлар бошланган даврда мамлакатимизда тадбиркорлар сони қарийб 283 минг нафарни ташкил этган бўлса, бугун уларнинг сони 1,5 миллион нафарга етди. Бу шунчаки статистик ўсиш эмас. Бу жамиятда тадбиркорликка бўлган муносабат, ишонч ва имкониятлар тубдан ўзгариб бораётганини англатади.
Экспорт соҳасида ҳам салмоқли натижалар қайд этилмоқда. 2020 йилда мамлакатимиз экспорти ҳажми қарийб 15 миллиард доллар бўлган бўлса, бугун ушбу кўрсаткич 34 миллиард долларга етгани таъкидланмоқда. Демак, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, тадбиркорликни ривожлантиришдан асосий мақсад янги иш ўринлари яратиш, аҳолига маҳалланинг ўзида даромад топиш имконини бериш ва иқтисодиётда хусусий секторнинг ўрнини янада мустаҳкамлашдир. Сўнгги беш йилда бизнесга тўсиқ бўлган минглаб масалаларга ечим топилиб, бу соҳада 84 та қонун, 861 та фармон ва қарор қабул қилинган. Тадбиркорларга ажратилаётган кредитлар ҳажми қарийб уч баробар ошиб, 450 триллион сўмга етган.
Бу рақамлар давлатнинг тадбиркор билан бирга ҳаракат қилаётганини кўрсатади. Айниқса, Хоразм мисоли эътиборга молик. Вилоят иқтисодиётининг 72 фоизини кичик бизнес яратмоқда. Экспортда кичик бизнес улуши бўйича Хоразм мамлакатимизда биринчи ўринга чиқди. Ҳудудга қисқа даврда 4 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, 10 мингта янги қувват ишга туширилди. Демак, табиий ресурслари чекланган ҳудудда ҳам тадбиркорлик ва инсон салоҳияти асосий иқтисодий кучга айланиши мумкин.
Мулоқотда билдирилган янги ташаббуслар эса тадбиркорни фақат кредит билан таъминлаш эмас, балки унинг ғоясидан тортиб катта бизнесга айлангунига қадар ҳамроҳлик қилишга қаратилгани билан аҳамиятли. “Бизнес старт”, “Бизнес лифт” ва “Бизнес юксалиш” дастурлари шу мақсадга хизмат қилади. Шунингдек, кичик бизнес учун гаров масаласини енгиллаштириш, давлат активлари ва ер участкаларидан самарали фойдаланиш, сунъий интеллектни ишлаб чиқариш ва хизматларга кенг жорий этиш, миллий брендларни ташқи бозорларга олиб чиқиш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.
Бугун мамлакатимизда тадбиркорликка муносабат ўзгармоқда. Энди вазифа яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш, ҳар бир ҳудуднинг ички салоҳиятини ишга солиш ва маҳаллада бошланган кичик ташаббусни катта бизнесга айлантиришдир.
Хоразмдаги очиқ мулоқот ҳам айнан шу ҳақиқатни тасдиқлади: тадбиркор кучли бўлса — иқтисодиёт кучли, иқтисодиёт кучли бўлса — халқ фаровон бўлади.
Гулжан Халмуратова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси, Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси
ЎзА