Тадбиркор — тараққиёт ва фаровонлик таянчи
Бухорода давлат мукофотлари ва “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонлари ўз эгаларига топширилди.
Тадбиркорлик — бу фақат даромад топиш, корхона ташкил этиш ёки маҳсулот ишлаб чиқариш эмас. Бу, аввало, юрт тараққиётига дахлдорлик, янги ғояни амалга ошириш жасорати, одамларга иш ва даромад манбаи яратиш, жамият равнақи учун масъулиятни зиммага олиш демакдир.
Бугун Янги Ўзбекистонда тадбиркорлик ана шундай юксак мақсад ва қадриятлар билан уйғунлашиб бормоқда. Давлат раҳбари ташаббуси ва бевосита эътибори билан ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, хусусий мулк ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ташаббускор инсонларга кенг имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Президентимизнинг жорий йил 13 августда қабул қилинган “Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги фармойиши ана шу эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Ушбу ҳужжатларга мувофиқ, мамлакат тараққиёти ва экспорт салоҳиятини юксалтириш, миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш, инвестицияларни жалб қилиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш, замонавий хизмат турларини кенгайтириш, янги иш ўринлари ва даромад манбаларини яратишда муносиб ҳисса қўшаётган, шунингдек, ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этаётган бир гуруҳ фидойи тадбиркорлар давлатимизнинг юксак орден, медаль ва кўкрак нишонларига муносиб кўрилди.
Қувонарлиси, ана шундай юксак эътироф соҳиблари орасида бухоролик 10 нафар тадбиркорлар ҳам бор. Улардан 4 нафари давлат мукофотлари, 6 нафари эса “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Вилоят ҳокимлигида ўтказилган тантанали маросимда Бухоро вилоятидан давлат мукофотларига сазовор бўлган 3 нафар ҳамюртимизга орден ва медаллар, 5 нафар ишбилармонга эса “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ботир Зарипов иштирок этиб, соҳа жонкуярларини яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда 20 август — Тадбиркорлар куни билан самимий муборакбод этди.

— Бугун тадбиркорлик нафақат иқтисодий ўсишнинг, балки ижтимоий тараққиёт ва аҳоли фаровонлигининг ҳам муҳим омилига айланди. Вилоятимиз ҳаётида хусусий секторнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Энг муҳими, тадбиркорларимиз энди нафақат ўз бизнесини ривожлантирмоқда, балки жамият ҳаётидаги долзарб масалаларни ҳал этишда ҳам фаол иштирок этмоқда, — деди вилоят раҳбари.
Дарҳақиқат, сўнгги ўн йиллик Бухоро иқтисодий ҳаётида туб бурилишлар даври бўлди. Янги корхоналар, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилди. Энг муҳими, тадбиркорлик одамларнинг ҳаётига реал ўзгаришлар олиб кирди.
Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, вилоятда 26 минг 905 та кичик бизнес корхонаси фаолият юритмоқда. Уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 70,6 фоизни ташкил этмоқда. Шунингдек, яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, қарийб 3 900 нафар тадбиркор ўз фаолиятини ўрта ва йирик бизнес даражасига олиб чиқишга муваффақ бўлган.
Бу рақамлар ортида минглаб тақдирлар, оилалар ва янги имкониятлар мужассам. Чунки тадбиркорликнинг энг катта натижаси — фақат ишлаб чиқарилган маҳсулот ёки олинган даромад эмас, балки яратилган иш ўрни, ўз оиласини боқаётган инсон, келажагига ишонч билан қадам қўяётган ёш, фаровон ҳаёт кечираётган хонадондир.

Тадбиркорликнинг мазмун-моҳияти ҳам йиллар давомида сезиларли даражада ўзгарди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида аксарият ишбилармонлар асосан савдо-сотиқ билан шуғулланган бўлса, бугун Бухорода ишлаб чиқаришнинг тўқимачилик, қурилиш материаллари, гўшт, сут ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш каби йўналишлари, хизмат кўрсатиш соҳасида эса туризм, алоқа, қурилиш, умумий овқатланиш, тиббиёт, таълим ва бошқа кўплаб замонавий хизмат турлари кенг ривожланмоқда.
Яъни, кечаги тадбиркор бугун ишлаб чиқарувчи, экспортчи, инвестор, иш берувчи ва ижтимоий шерикка айланмоқда.
Бу жараёнда давлат раҳбарининг тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслари муҳим аҳамият касб этмоқда. Бизнес учун маъмурий тўсиқларни камайтириш, имтиёз ва имкониятларни кенгайтириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар натижасида юртимизда тадбиркорлик учун янги давр бошланди.
Эътиборли жиҳати шундаки, бугун тадбиркорнинг муваффақияти унинг корхонаси эшигидан ташқарига ҳам чиқмоқда. Бир пайтлар солиқ ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиб, ўз фаолиятини йўлга қўйган ишбилармонлар энди эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни ободонлаштириш, ижтимоий объектлар барпо этиш, таълим, тиббиёт ва бошқа хайрли ишларга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Бу — тадбиркорлик маданиятининг юксалаётганидан далолат. Зеро, ҳақиқий тадбиркор ўз фаровонлигини юрт фаровонлигидан айро тасаввур қилмайди.
Тантанали маросимда ана шу эзгу фазилатлар эътироф этилди. Мукофотланган тадбиркорлар билдирилган юксак ишонч ва эътибор уларга янада катта мақсадлар сари интилиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, кўпроқ иш ўринлари яратиш ва жамият олдидаги масъулиятини янада чуқур ҳис этиш учун катта рағбат эканини таъкидладилар.
Бугун Бухорода тадбиркорлик — иқтисодиётнинг бир тармоғи эмас, балки ҳудуд келажагини белгилаётган катта кучга айланмоқда. Янги корхона — янги иш ўрни, янги инвестиция — янги имконият, янги ташаббус — янги тараққиёт демакдир.

Шу маънода, “Тадбиркорлар куни” муносабати билан эътироф этилган бухоролик ишбилармонлар нафақат ўз меҳнатининг муносиб самарасини кўрдилар, балки вилоятда шаклланаётган янги тадбиркорлик руҳининг рамзига айландилар.
Бугун уларга берилган мукофот — кечаги меҳнатга берилган баҳо бўлса, эртанги катта ишлар учун билдирилган ишончдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири