Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Сайловолди дастурида «Сув истеъмоли маданиятини юксалтириш» дастурини қабул қилишга оид вазифа белгиланган. Шунингдек, ота-боболаримиздан мерос удум – ёшлар турмуш қурганда, фарзанд туғилганда яхши ният билан кўчат экиш одатини оммалаштириш борасида ҳам мақсадлар ўз аксини топган.
Шу каби дастурий мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, партия Марказий кенгаши ташаббуси билан республика болалар ва ўсмирлар нашри – «Тонг юлдузи» газетаси билан ҳамкорликда юртимиздаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида «Бойликни болаликдан асранг!» мавзусида ижодий ишлар танлови ўтказилди.

Танлов ғолибларини тақдирлаш маросимида «Тонг юлдузи» газетаси раҳбарияти, таниқли журналистлар, партия фаоллари, танлов ғолиблари ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
– Бугун турли экологик инқирозлар юз бераётгани, сув танқислиги ортиб бораётгани ҳар биримизни ўйга толдиради, – деди партия Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова. – Таҳлилларга кўра, Ўзбекистон дунёда сувни энг кўп исроф қиладиган давлатлардан бири ҳисобланар экан. Мамлакатимизда сув ресурслари чекланган. 2040 йилга бориб аҳолимизнинг 80 фоизи сувсизликдан азият чекиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, 2050 йилга бориб сув ресурслари Сирдарёда 5 фоизга, Амударёда эса 15 фоизгача камайиши кутилмоқда. Аҳоли сонининг ўсиши эса бу борадаги муаммолар кўламини янада оширади. Шунинг учун ҳам аҳолида сувдан, умуман табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш бугуннинг энг долзарб вазифасидир. Айниқса, ёш авлодни тежамкорлик, исрофгарчиликка йўл қўймаслик, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, табиатни асраш, атроф-муҳитга зиён етказмаслик, орасталик, саришталик каби миллий, ахлоқий қадриятлар, оилавий анъаналар асосида тарбиялаш лозим. Шу мақсадда ташкил этилган танловимиз уч йўналиш – мақола, шеър ва расм йўналишлари бўйича ўтказилди. Унга ўқувчилардан 2000 га яқин ижодий ишлар келиб тушди.

Тадбирда танлов ғолиблари тақдирланиб, уларнинг ижодий ишлари эътироф этилди. Мақола йўналиши бўйича ғолибларнинг ижодий ишлари асосида тайёрланган «Сувкеллент» номли спетакль сценарийси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қошидаги «Турон» болалар театр жамоаси томонидан саҳналаштириш ҳамда мактаб саҳналарида намойиш этиш учун вазирликка тақдим этилди. Тадбир якунида партия ҳамда «Тонг юлдузи» газетаси боғини барпо этиш мақсадида танлов ғолиблари иштирокида Учтепа туманининг «Ширин» маҳалласида мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
М.Комилова, ЎзА