"Суюнчи пули" қайси ҳолларда ва қанча миқдорда берилади?
Маълумки, фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пули биринчи фарзанди учун барча аёлларга, иккинчи фарзанди учун эса фарзанд туғилган пайтда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган оиланинг аъзоси бўлган аёлларга расмийлаштирилади.
Қолган барча ҳолатларда фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини расмийлаштириш рад этилади.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу борада қуйидагиларни маълум қилди.
– Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ҳамда Давлат бюджети маблағларидан самарали ва оқилона фойдаланган ҳолда, ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тўловлари манзиллилигини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини изчил қўллаб-қувватлаш сиёсатини давом эттириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қарор қабул қилинган.
Мазкур қарорга кўра, 2024 йил 1 октябрдан бошлаб фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пули 811 965 сўмни ташкил этади.
Асос: Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига баъзи ижтимоий нафақаларни тўлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарори.
Гулноза Бобоева, ЎзА