Сув хўжалиги соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди
Андижонда сув хўжалиги соҳасидаги долзарб масалалар, мавжуд муаммолар ва истиқболли лойиҳалар муҳокамасига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг сув таъминоти тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Тимур Бутунбаев, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари ўринбосарлари, соҳа мутасаддилари ҳамда тадбиркорлар иштирокида вилоят ҳокимлигида ўтказилган тадбирда сув таъминоти тизимида амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича сўз юритилди.

Сув – бу ҳаёт манбаи. Инсоният тараққиёти, қишлоқ хўжалиги, саноат ва экотизим барқарорлиги бевосита сув ресурсларига боғлиқ. Айниқса, сув ресурсларининг асосий қисми қишлоқ хўжалигида сарфланиши соҳада сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширишни стратегик вазифага айлантирмоқда. Бугунги кунда глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ортиши ва иқтисодиёт тармоқларининг кенгайиши натижасида ичимлик ва оқова сувга бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Шу билан бирга, табиий сув захираларининг камайиши ва уларнинг нотекис тақсимланиши сув танқислиги хавфини янада кучайтирмоқда.


Очиқ мулоқот давомида сув хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг таклиф, ташаббус ва муаммолари эшитилди, уларнинг аксарияти бўйича амалий ечимлар белгиланди.
Шунингдек, тадбирда Норин – Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда “Андижон сувтаъминоти” акциядорлик жамияти раҳбарларининг соҳада амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳисоботлари тингланди.
Жумладан, суғориш тизимларида сув йўқотишларини камайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, айниқса, мавжуд каналларни бетонлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Жорий йилда марказлашган капитал қурилиш маблағлари ҳисобидан 7 та объектда 41,7 километр каналларни бетонлаш, шунингдек, хорижий молия институтлари маблағлари ҳисобидан яна 6 та объектда 16,8 километр канал бетонланиши, қўшимча равишда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 100 километр узунликдаги каналларни бетонлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилганлиги қайд этилди.


Бундан ташқари, жорий йил давомида вилоятда агрокластерлар ва фермер хўжаликлари тасарруфидаги 2 минг километрдан ортиқ ички ариқ ва суғориш тармоқларини бетонлаш ҳам кўзда тутилганлиги айтиб ўтилди.
Айни кунларда белгиланган режалар доирасида амалий ишлар олиб борилмоқда, қатор каналлар, ички суғориш тармоқлари бетонланди ва бу борадаги ишлар давом этмоқда. Ана шу ишларнинг амалга оширилиши натижасида сувнинг фильтрация орқали йўқолиши кескин камаяди, каналларнинг фойдали иш коэффициенти ортади ва 50 минг гектарга яқин экин майдонини суғоришда сув таъминоти яхшиланади.

Мулоқот давомида ичимлик сув таъминотини янада яхшилаш, сувни иқтисод қилиш, суғоришда сувтежамкор технологияларни жорий этиш, сувдан оқилона фойдаланиш, мазкур йўналишдаги муҳим лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари