Жорий йилнинг 14-16 декабрь кунлари Республика автомобилларга газ қуйиш, газ тўлдириш компрессор ва автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида сифатли сервис хизматлари кўрсатиш, санитария-гигиена шохобчаларини жиҳозлаш, мавжудлигини ўрганиш ҳамда мониторинг қилишни ташкил этиш бўйича Ишчи гуруҳ аьзолари Сурхондарё вилоятида бўлиб, воҳадаги АГТКС, АГҚШ ва АЁҚШлар фаолиятини ўрганди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 сентябрдаги “Йўл бўйи ва туристик инфратузилмани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йил 21 мартдан бошлаб жамоат мақсадларига мўлжалланган ва кечаю-кундуз ишлайдиган санитария, шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидалари талабига жавоб берадиган санитария-гигиена шохобчалари билан жиҳозланмаган АГТКС, АГҚШ ва АЁҚШлар фаолият кўрсатмаслиги белгиланган.
Коронавирус пандемияси ва мавжуд эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, туризм соҳасини қайта тиклаш, тадбиркорлик субьектларига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан мазкур муддат 2020 йилнинг 1 сентябригача узайтирилган эди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа тегишли вазирлик, идоралар ходимларидан иборат Ишчи гуруҳ ҳудудий ишчи гуруҳ аьзолари билан вилоятдаги барча турдаги автомобилларга ёқилғи қуйиш масканларида санитария-гигиена шохобчаларининг жиҳозланиши, мижозлар ва сайёҳларга қўшимча хизматлар кўрсатиш ҳолати билан яқиндан танишди.
Вилоятда 138 та автомобилларга газ қуйиш, 55 та газ тўлдириш компрессор ва 144 та автомобилларга ёқилғи қуйиш маскани мавжуд. Ўрганиш жараёнида Ишчи гуруҳ аъзолари аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берди. Қарор ижросини таьминламаган Ангор туманидаги "Сурхон-Ангор-Сервис-Техника", Олтинсой туманидаги "Қоратепа ГАЗ", Термиз шаҳридаги "Полвонтош" масьулияти чекланган жамиятларининг автомобилларга газ тарқатиш компрессор станциялари фаолияти қисқа муддатга тўхтатилди. Шунингдек, “Энг яхши АГТКС”, “Энг яхши АГҚШ” ва “Энг яхши АЁҚШ” лар саралаб олинди.
[gallery-469]
Республика Ишчи гуруҳ ўрганишлари натижаси ва намунали шохобчаларни тақдирлаш учун Термиз шаҳридаги Санъат саройида бўлиб ўтган тадбирда туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳудидий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари М. Хайитова, вилоят ҳокимининг ўринбосари А. Сувонқулов ва бошқалар қўмита ҳамда тегишли вазирлик, идоралар ҳамкорлигида соҳада олиб борилган ишлар натижасида жойлардаги ёқилғи қўйиш масканларида санитария-гигиена ҳолати тубдан яхшилангани, ҳудудларга келаётган ички ва ташқи сайёҳларга турли сервис хизматлари кўрсатиш сифати тубдан ўсиб, қўшимча иш ўринлари яратилганини алоҳида қайд этди. Йўл қўйилган камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди.
Тадбирда Жарқўрғон туманидаги "Karvon alfa MAX" масьулияти чекланган жамиятининг автомобилларга газ қуйиш станцияси “Энг яхши автомобилларга газ қуйиш шохобчаси, Термиз туманидаги "AGTKSH-MYSHTARIY“ масьулияти чекланган жамиятининг газ тўлдириш компрессор станцияси "Энг яхши газ тўлдириш компрессор шохобчаси”, Ангор туманидаги "ISLOM масьулияти чекланган жамиятининг автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияси “Энг яхши автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси” номинацияси бўйича ғолиб, деб топилди ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Quality service” махсус сертификати, қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА