Сурхондарёда илғор тажрибалар оммалаштирилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарёда “Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини ошириш чора-тадбирлари” мавзусидаги республика семинари бўлиб ўтди.
Семинарда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зоҳидов, вилоят мутасаддилари ҳамда 77 та оғир тоифадаги ва 30 та намунали маҳаллаларнинг ҳоким ёрдамчилари иштирок этди.
Илк манзилда Термиз туманининг Қаҳрамон маҳалласидаги 3 гектар ер майдонида ташкил этилган Сурхондарё томорқачилик мактаби билан танишилди. Мазкур ҳудуд вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, Марказий ва тижорат банкларига бириктирилган. Ҳудудда экин ерлар шудгорланди, чизель солиниб, илдизпояли ўтлар тароқлаб йиғиштирилди, агротехнология нормаларидан келиб чиққан ҳолда минерал ва органик ўғитлар солиниши таъминланди. Маҳсулотлар етиштириш ишлари бошлаб юборилди.
Иштирокчилар Ангор туманидаги Баҳор ва Илғор маҳаллаларида олиб борилаётган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишлар билан ҳам танишди.
Вазир маҳаллаларда томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш, хусусан, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш, экспортбоп маҳсулотларни кўпроқ етиштириш орқали аҳоли даромадини ошириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Навбатдаги манзил, Қумқўрғон тумани бўлиб, тумандаги Уяс маҳалласида “Бир маҳалла-бир маҳсулот” дастури ва томорқа ерларидан самарали фойдаланиш борасидаги ишлар ўрганилди. Ушбу маҳалла фуқароларидан бири Ботир Нуралиев хонадонида ташкил этилган иссиқхона фаолияти билан танишилди.
Хонадонда 30 сотих иссиқхона мавжуд бўлиб, биринчи мавсумда 100 мингдан зиёд булғор қалампири, помидор ва бодринг кўчатлари етиштирилади. Иккинчи мавсумда 12 минг дона “Лотта”, “Белогор” ва “Фиш” каби булғор қалампири навлари экилиб, ички ва ташқи бозорга экспорт қилинади. Бир сотих иссиқхонадан ўртача 800 килограмм, 30 сотих иссиқхонадан 24000 килограмм ҳосил олинади. Даромад эса ўртача 380 миллион сўмни ташкил этади. Бунинг натижасида оиланинг барча аъзолари ва маҳалланинг 10-15 нафар аёл-қизлари мавсумий ишга жалб қилиниб, бандлиги таъминланади.
[gallery-21882]
Сариосиё туманида яратилган илғор тажрибаларни бошқа ҳудудларда ҳам кенг жорий этиш зарурлиги қайд этилди.
Семинар якунида соҳага оид долзарб масалалар муҳокама қилиниб, замонавий илмий-услубий ёндашувларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА