Сурхондарёда баҳорги чигит экиш авжида
Сурхондарё вилояти пахтакорлари жорий йил ҳосили учун 72 минг 270 гектар майдонда деҳқончилик қилади. Сув тақчил бўлиши кутилаётган бу йилги шароитда баҳор об-ҳавосининг мўътадил келаётганидан самарали фойдаланиб, ерга барака уруғи экишни тез кунларда сифатли якунлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу мақсадда 230 та отряд ташкил этилиб, барча ишлар уюшқоқлик билан амалга оширилаётир.
Вилоятнинг Ангор туманида “Zamin Angor cluster” пахтачилик-тўқимачилик кластери ва 33 та фермер хўжалиги далаларида пахта парваришланади. Бу йил улар 4 минг 734 гектар майдонда деҳқончилик қилиб, “Юксалиш” ҳамда “Термиз-202” навли пахта чигити қадамоқда. Бу ишни тез, сифатли якунлаш учун чигит экиш қизғин олиб борилмоқда.
Тумандаги “Саидносирхон” фермер хўжалиги 49,4 гектар майдонда ғалла ва пахта етиштиради. Тажрибали фермер баҳорнинг илк кунларидан куз фаслида чуқур шудгорланган майдонларни текисланди. Ер оби-тобига келгач, чигит қадашни бошлади.
–Бу йил 21,8 гектар майдонда “Юксалиш” навли пахта уруғини сепиб, ундан мўл ҳосил олишни режалаштирганмиз,–дейди фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Исохон Баҳрамов.– Ҳозир барака уруғи сепиш учун айни пайт. Ерда етарли нам бор. Кунлар исиб кетса, намгарчилик қочиб, экилган чигит қатқалоқда яхши униб чиқмайди. Баҳорнинг бошланиши илиқ келаётганидан унумли фойдаланиб, чигит экишни Наврўз байрами арафасида якунламоқчимиз.
Вилоятнинг Шеробод, Қизириқ, Бандихон, Музработ, Жарқўрғон каби туманларида ҳам баҳорги чигит экиш мавжуд агротехник тадбирлар асосида тез, сифатли амалга оширилмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири