Сурхондарё вилоят ҳокимлигида янги ўринбосар иш бошлади
Сурхондарё вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига Ойбек Ашуров тайинланди.
У 1988 йил Шеробод туманида туғилган. 2011 йил Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясини тугатган. Ҳуқуқшунос. Учинчи даражали хизматчи.
Ойбек Ашуров Шеробод, Шўрчи туманлари ҳокимликларида турли масъул вазифаларда, жумладан, ҳоким ўринбосари лавозимида ҳам фаолият юритган. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ижро назорати бўлими бошлиғи вазифасида меҳнат қилган.
Тайинловга қадар вилоят ҳокимлиги ижро аппарати раҳбари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Шу пайтгача мазкур лавозимда ишлаган Илҳом Сапаров яқинда Жарқўрғон тумани ҳокими этиб тайинланган эди.
Айни пайтда Муродали Юлдошев вилоят ҳокимлиги ижро аппарати раҳбари лавозимида иш бошлади.

Муродали Юлдошев 1992 йил Денов туманида туғилган. 2016 йил Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясини тамомлаган. Маълумоти бўйича ҳуқуқшунос. Иккинчи даражали хизматчи.
Меҳнат фаолияти давомида Президентимизнинг Денов тумани ва вилоят Халқ қабулхоналарида мутахассис, Сурхондарё вилояти судида судья ёрдамчиси ҳамда аппарат раҳбари лавозимларида хизмат қилган.
Тайинловга қадар вилоят ҳокимининг капитал қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари котибияти мудири лавозимида ишлаб келаётган эди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири