Сурхондарё вилояти Корея Республикаси билан дўстлик ва ўзаро ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўймоқда.
Халқларимизнинг яқин дўстлик ришталари, менталитетимиз, анъана ва қадриятларимиз ўхшашлиги, вақт синови мамлакатларимизни ўзаро ишончли ҳамкорга айлантирган. Олий даражадаги мулоқотлар ва муштарак интилишлар кейинги йилларда давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни барча йўналишларда янги босқичда ривожлантирмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёльнинг мамлакатимизга давлат ташрифи ҳам Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги яқин дўстлик ришталаримизни, стратегик шериклик муносабатларимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Давлатларимиз ўртасида юксалиб бораётган алоқалар Ўзбекистон жанубидаги Сурхондарё вилоятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Бу жараёнда кореяликлар воҳанинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда қулай иқлим ва катта имкониятга эга Олтинсой туманига алоҳида қизиқиш билдирди. Жумладан, вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов билан Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) лойиҳа менежери Ким Чон Бин учрашувида Олтинсой тумани ва Кореянинг Дамянг тумани ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш масалалари муҳокама этилган эди. Мазкур лойиҳа доирасида туманга 6 миллион доллар қийматидаги инвестиция киритиш, 250 нафар олтинсойлик ёшни Кореяга мавсумий ишга юбориш, брокколи карами етиштиришни йўлга қўйиш, юз нафар олтинсойлик фермерни Кореяда ўқитиш масалалари юзасидан дастлабки келишувларга эришилди.
Шу ойнинг бошларида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимовнинг Корея давлати “DOONF” Co Ltd компанияси раҳбари билан учрашувида Олтинсой тумани ва дўст мамлакатнинг Кюнгсан-Намдо вилояти тадбиркорлари ҳамкорлигида 200 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ҳамда экспортга йўналтириш масалалари муҳокама этилди. Сурхондарёлик ёшларни Корея давлатига кемасозлик, мавсумий деҳқончилик E-8, деҳқон фермерлар малакасини ошириш, D-3 визалари бўйича ишга таклиф этиш ва тажриба алмашиш юзасидан музокаралар олиб борилди.

Яқинда Корея давлатининг Сеул шаҳридаги "IKC Construction CO" Ltd компанияси раҳбари билан учрашувда Термиз тумани ва Кореянинг Сеул шаҳри тадбиркорлари ҳамкорлигида 50 миллион долларлик қурилиш материаллари (сендвич панеллари) ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини амалга оширишга келишилди.
Истиқболли лойиҳани рўёбга чиқариш учун кореялик сармоядорларга Термиз туманидаги Сабзипоя маҳалласи ҳудудидан 34 гектар ер майдони ажратиб бериладиган бўлди. Маълумотларга кўра, айни пайтда ушбу корхона қурилишини бошлашга ҳозирлик кўрилмоқда.
Масофа олис бўлса-да, кўнгиллар яқин дўст давлат билан тамомила янгича кўринишда йўлга қўйилган ҳамкорлик муносабатларимиз келажакда Сурхон воҳасининг кореяликлар билан савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларини юксак даражага олиб чиқишига пухта замин яратаётгани эътиборга сазовордир.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири