Сурхондарёда қанча мевали ва манзарали дарахт бор?
Сурхондарёга келган инсон борки, воҳанинг биохилмахиллигини кўриб, она табиатнинг бетимсол куч-қудрати ва яратувчанлигига лол қолади.
Сурхондарёга келган инсон борки, воҳанинг биохилмахиллигини кўриб, она табиатнинг бетимсол куч-қудрати ва яратувчанлигига лол қолади. Ана шундай мафтункор воҳада яшил бойликларни янада кўпайтириш, ўсимликлар дунёсини бойитиш мақсадида ҳар йили миллионлаб дарахт кўчатлари экилади. Бироқ, уларнинг унувчан ва ўсувчанлик ҳолати, шунингдек, вилоятда қанча туп манзарали, қанча мевали дарахт мавжудлиги ва ҳар йили қанчаси нобуд бўлиб кетаётгани мавҳумлигича қолаётган эди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда табиат бойликларини авайлаб-асраб, улардан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилаётган янгича ёндашувлар бу масалага ҳам ечим топди. Шунга асосан вилоятда жорий йилдан бошлаб, мевали ва манзарали дарахтларни ҳисобга олиш тизими жорий этилди. Бу жараёнда рўйхатга олинган дов-дарахтларга махсус кодли рақам илиниб, электрон базага киритилаётир.
–Воҳада кўчат экиш ажойиб анъанага айланган, – дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Ўринов. – Биргина шу йилнинг ўзида 10 миллионга яқин манзарали ва мевали дарахт кўчати ўтқазилиб, саккиз миллиондан ортиқ қаламча қадалди. Лекин, ҳозиргача уларнинг ҳисоб-китоби юритилиб, ҳеч ким назорат қилмаган. Вилоятда қанча мевали, қанча манзарали дарахт борлигини ёки янги экилган кўчатлардан қанчаси унмай қуриб қолганини ҳам ҳеч ким билмас эди. Эндиликда ҳар бир дарахтнинг ҳисобини юритиш имконияти яратилди.

Айни пайтда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман, шаҳар инспекциялари ходимлари жойлардаги мавжуд дарахтларни хатловга олиб, уларнинг аниқ реестрини тузмоқда. Дарахтларнинг номи, сони ва уларга бириктирилган масъул шахслар ҳақидаги маълумотларни ўрнатаётир. Жумладан, яшил бойлик қўриқчилари Термиз Ҳайвонот боғи ҳудудида парваришланаётган 1 минг 893 дона турли мевали ва манзарали дарахтларни хатловга олди. Олтинсой туманида икки мингдан ортиқ, Қизириқ туманида мингга яқин дарахт рўйхатга киритилди.
Олинган маълумотларга кўра, шу кунгача вилоятда 408 минг 177 дона мевали ва манзарали дарахтлар хатловга олиниб, уларнинг 317 минг 707 таси электрон базага киритилди. Мутахассисларнинг фикрича, бундан буён электрон базага киритилган ҳар бир дарахтнинг ўсувчан ва унувчанлиги мониторинг қилиб борилади. Бу тартиб одамларда мавжуд дарахтлар давлат назоратида эканини ҳис этиб, берухсат кесилиши, қуриб қолиши ва бошқа ҳолатларнинг олдини олади. Яшил дунё парвариши ва аҳоли ўртасида экологик маданиятни юксалтиришга масъулиятни янада оширади.