Сурияда уруш ниҳоясига етдими?
Сурияда вазият барқарорлашмоқда, республика ҳудудида фақат алоҳида таранг ўчоқлар сақланиб турибди.
Сурияда вазият барқарорлашмоқда, республика ҳудудида фақат алоҳида таранг ўчоқлар сақланиб турибди. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “Труд” га берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Сурияда уруш ҳақиқатдан ниҳоясига етди. Мамлакат аста-секин нормал ва осойишта ҳаётга қайтмоқда", деган С. Лавров. Шу билан бирга, Россия ташқи ишлар вазири Сурия ҳукумати томонидан назорат қилинмайдиган ҳудудларда, масалан, Идлибда ва Фурот дарёсининг шарқий соҳилида алоҳида таранглик ўчоқлари сақланиб қолганини таъкидлаган.
Унинг сўзларига кўра, юзага келган шароитда Сурияда ва умуман Яқин Шарқ минтақасида узоқ муддатли ва ишончли барқарорликка эришиш, шунингдек, Сурияга ҳар томонлама гуманитар ёрдам кўрсатиш учун инқирозни ҳал қилишда сиёсий жараённи илгари суриш вазифалари кун тартибига чиқади.
Лавров конституциявий ислоҳотлар бўйича қўмитани шакллантириш ва ишга тушириш сурияликларнинг ўзлари томонидан БМТ кўмагида олиб борилиши сиёсий жараённи ривожлантиришда муҳим қадам бўлишини таъкидлади. Ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, қўмитанинг чақирилиши ҳукумат ва мухолифатга биринчи марта Суриянинг келажаги бўйича тўғридан-тўғри мулоқотни бошлаш имконини беради.
Вазир ўз интервьюсида Сурияда мухолифат ҳам муҳим рол ўйнашини таъкидлаган. Лавровнинг фикрича, мухолифат БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2254-сонли резолюциясига мувофиқ сиёсий ечим жараёнига конструктив ҳисса қўшиши мумкин.
Лавров Россия суверен, ҳудудий жиҳатдан бирлашган Суриянинг тикланишига, барча сурияликларнинг ўз ватанларига қайтарилиши ва мамлакатнинг ўзи "араблар оиласи"га айланиши, шунингдек, кенгайиб бораётган терроризмнинг оқибатларини тезда бартараф этиш тарафдори эканлигини таъкидлаган. Россия ТИВ раҳбарига кўра, бу Яқин Шарқда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг калити бўлади.