Сунъий интеллект ва илғор технологиялар сари муҳим қадам
Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида сунъий интеллект ва илғор технологияларга ихтисослашган янги технологик кампусга пойдевор қўйилди.
Очилиш маросими
доирасида кампуснинг дастлабки тақдимот синфлари жамоатчиликка намойиш этилди. Шунингдек, янги таълим дастурлари бўйича Европа университетларидан келган профессор ўқитувчилар томонидан илк маърузалар ўқилди.
Кампусда робототехника ва микрочип технологиялари, агротехнология ва ақлли қишлоқ хўжалиги, биотехнология ва тиббий сунъий интеллект, финтех ва рақамли иқтисодиёт, киберхавфсизлик, сунъий интеллект асосидаги кино санъати, иммерсив технологиялар ҳамда логистика инновациялари каби саккизта устувор йўналишда фаолият олиб бориш режалаштирилган.
Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад — Андижонни Марказий Осиёнинг йирик илмий-технологик ва инновацион марказларидан бирига айлантириш.

Янги кампусда сунъий интеллект фақат алоҳида фан сифатида эмас, балки илм-фаннинг турли тармоқларини ўзаро боғловчи умумий технологик восита ва илмий тил сифатида талқин этилади. Шу боис мажмуа анъанавий олий таълим муассасаси билан бир қаторда, илмий тадқиқотлар, технологик ишланмалар ва инновацион стартаплар маркази вазифасини ҳам бажаради.
Кампусда таълим етти ёшдан бошланиб, мактаб, олий таълим, илмий тадқиқот ва стартап босқичларигача узлуксиз давом этадиган яхлит тизим асосида ташкил этилади. Бу орқали ёшларнинг замонавий билимларни эгаллаши, илмий ва ижодий салоҳиятини ривожлантириши ҳамда ўз ғояларини амалий лойиҳаларга айлантириши учун зарур шароит яратилади.
Лойиҳанинг ғояси, умумий концепцияси, академик тузилмаси ва меъморий ечими профессор, доктор Н. Селин Шеножак томонидан ишлаб чиқилган. У Anatolia Tech Production халқаро маданий-технологик ишлаб чиқариш компаниясининг асосчиси, шунингдек, ЮНЕСКОнинг Маданий дипломатия, бошқарув ва таълим кафедраси раҳбаридир.
— Андижон асрлар давомида илм-фан ва салтанат бешиги бўлиб келган. Бугун бу замин яна бир бор тафаккур ва тараққиёт марказига айланишга шай. Биз қўяётган бу пойдевор шунчаки бир бинонинг эмас, балки келажакда дунёни ўзгартира оладиган олимлар ва ихтирочилар авлодининг пойдеворидир, — деди профессор Селин Шеножак.

Университет ва технологик кампус фаолияти йўлга қўйилгач, Европанинг етакчи техника университетлари билан узоқ муддатли академик ва илмий ҳамкорлик ўрнатиш режалаштирилган. Ҳамкорлик доирасида қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, илмий лабораториялар ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, халқаро тадқиқотлар ўтказиш ҳамда инновацион стартапларни қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
Мазкур ташаббус Андижоннинг илмий ва технологик салоҳиятини юксалтириш, малакали мутахассислар тайёрлаш ҳамда Шарқ ва Ғарбнинг илмий тажрибасини бир маконда бирлаштиришга хизмат қилади.
Маълумот учун: Anatolia Tech Production компанияси 2021 йилда Туркияда ташкил этилган. Халқаро маданий-технологик ишлаб чиқариш йўналишида фаолият юритувчи компаниянинг Анқара, Париж ва Тошкент шаҳарларида ваколатхоналари мавжуд. Унинг Тошкентдаги ваколатхонаси IT Park Uzbekistan резиденти ҳисобланади. Компания Европа инновациялар ва технологиялар институти — EIT ҳамда унинг 28DIGITAL ҳамжамияти билан ҳамкорлик қилади.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА