Сунъий интеллект банк жараёнларини янги босқичга олиб чиқмоқда
Бугунги кунда банкка мурожаат қилган ҳар бир мижознинг энг катта талаби — хизматнинг тез, шаффоф ва қулай бўлишидир.
Сўнгги йилларда “Ўзсаноатқурилишбанк”да мижозларга қулайлик яратишга қаратилган кенг кўламли трансформация жараёнлари изчил олиб борилмоқда. Бу йўналишдаги янги қадам сифатида банк ва “Infomaximum” компанияси ҳамкорлигида замонавий технологиялар жорий этилди. “ProcessTech-2026” халқаро конференциясида айнан шу йўналишдаги дастлабки натижалар жамоатчиликка тақдим этилди.
Маълумки, банк хизматлари сифатини оширишнинг асосий йўли — ички жараёнларни мукаммаллаштиришдир. Аввалги йилларда амалга оширилган рақамли ислоҳотлар натижасида кредит ажратиш муддати сезиларли даражада қисқартирилган бўлса, бугунги янги технологик ечимлар бу йўналишдаги имкониятларни янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Жараёнларнинг айрим босқичларини янада ихчамлаштириш, ходимлар вақтини самаралироқ тақсимлаш ва автоматлаштириш салоҳиятини ошириш — ушбу ишларнинг устувор мақсадларидан бири. Айни мана шу вазифаларни ҳал этиш учун банкда “Process Mining” ва “Task Mining” технологиялари қўлланилди.
[gallery-29471]
Содда қилиб айтганда, “Process Mining” технологияси орқали тизимдаги иш жараёнлари қандай кечаётганини реал маълумотлар асосида кузатиш мумкин. “Task Mining” эса ходимларнинг компьютерда бажарадиган кундалик вазифаларини таҳлил қилиб, қайси операцияларни автоматлаштириш мумкинлигини аниқлайди. Бу технологиялар банкдаги жараёнларни худди “рентген”дек ёритиб беради — қайси босқичда қўшимча вақт сарфланаётгани, қаерда такрорий ҳаракатлар мавжудлиги яққол кўринади.
Таҳлиллар давомида банкнинг қарийб ўнта департаменти ўрганилди. Айниқса, кредит ажратиш тизими чуқур таҳлилдан ўтказилди. Натижада, такрорланувчи операциялар, қўлда бажарилаётган айрим вазифалар ва автоматлаштириш мумкин бўлган босқичлар аниқланди. Энг эътиборли жиҳати, кредит конвейерини яна 60 фоизгача оптималлаштириш имконияти мавжудлиги маълум бўлди.
Аввал кўплаб ташкилотларда қарорлар тахмин ёки тажрибага асосланиб қабул қилинар эди. Бугун эса компаниялар реал маълумотларга таянган ҳолда иш юритишга ўтмоқда. “ProcessTech-2026” конференцияси айнан шу ўзгаришнинг ёрқин ифодаси бўлди. Тадбирда 30 га яқин йирик компания ва 50 дан ортиқ мутахассис иштирок этди. Хорижий экспертлар сунъий интеллект, автоматлаштириш ва рақамли бошқарув соҳасидаги тажрибаларини ўртоқлашди.
Ҳозирча банк ушбу технологияларни айрим йўналишларда синовдан ўтказди. Олинган натижалар самарали бўлгани боис, тизимни бошқа бўлимларга ҳам кенгайтириш режалаштирилмоқда.
“ProcessTech-2026” конференцияси Ўзбекистонда рақамли бошқарувнинг янги босқичи бошланганини намоён этган майдонга айланди.
“Ўзсаноатқурилишбанк” ва “Infomaximum” ҳамкорлиги сунъий интеллект ва жараён аналитикаси энди фақат хориждаги йирик компаниялар тажрибаси эмас, балки замонавий технологиялар Ўзбекистон банк тизимига ҳам изчил кириб келаётганини намоён этди.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
Носир Ҳайдаров (сурат)
ЎзА