"Навоийуран" давлат корхонаси "Зафаробод" кон бошқармасига қарашли 4-сонли “Суграли” конида замонавий технологик бурғилаш жараёнлари учун SPT-900SE русумли янги ускуналар ишга туширилди.
Мазкур ускуналар маҳаллий тадбиркорлар томонидан кооперация асосида ва шатакка олиш механизми доирасида ишлаб чиқарилган бўлиб, юқори ишончлилиги ва самарадорлиги билан ажралиб туради.
Ускуналарнинг ишга туширилиши қазиб олиш жараёнларини тезлаштириш, иш унумдорлигини ошириш ва ишлаб чиқариш харажатларини қисқартиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокининг кенгайиши саноатда импорт ўрнини босиш ҳамда миллий иқтисодиёт ривожига ҳисса қўшади.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, жорий йил якунига қадар корхонага шундай турдаги яна 50 та бурғилаш қурилмаси етказиб бериш режалаштирилган. Бу эса "Навоийуран"да геологик-қидирув ва қазиб олиш ишларининг янада самарали ва узлуксиз амалга оширилишини таъминлайди.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА