Судья гапирувчи қонун, қонун эса тилсиз судьядир
Ҳуқуқшунослар орасида машҳур ва кўп ишлатиладиган ушбу ибора таг замирида чуқур маъно мужассам.
Жорий йилнинг 5 март куни давлатимиз раҳбари Коррупцияга қарши кураш бўйича Миллий кенгашнинг ҳисобот йиғилишида иштирок этар экан, суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Сўнгги йилларда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилди. Лекин судьяларни мажлисга чақириш, улар ваколатига кирмайдиган вазифаларни юклаш ҳолатлари ҳам учраб тургани қайд этилиб, айрим идоралар томонидан судга таъсир ўтказишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этаётгани кўрсатиб ўтилди.

“Барча раҳбарларни қатъий огоҳлантираман. Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш, деб баҳоланади. Бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлади”, – деди Президент.
Дарҳақиқат, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш, умуман одил судловни, адолатни таъминлаш аҳолининг судга, адолатга ишончини орттирибгина қолмай, давлатга ва олиб борилаётган ислоҳотларга ишончини юксалтиради, ишонч эса аввало, тараққиётнинг гарови бўлиб саналади.
Шу асосда ҳам барча даражадаги раҳбарлар ва масъуллар одил судлов заруратини ич-ичидан англаб етиши, одил судловни ҳурмат қилиши, адолат йўлида ҳар қандай аралашувлардан тийилиши, одил судлов ортида фақат ва фақат адолат, халқ, жамият ва давлат манфаати, аҳоли ишончи, қонун устуворлиги, инсон манфаати, унинг ҳақ-ҳуқуқ ҳамда эркинликлари турганини асло ёддан чиқармаслиги шарт. Зеро, адолат ва қонун устувор, жазо муқаррардир.
Шунингдек, йиғилишда давлатимиз раҳбари коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятни таҳлил этиб, терговчи, прокурор ва судьялар қўлидаги иш бўйича идораларга тақдимнома ва хусусий ажрим киритишдан нарига ўтмаётгани, уларнинг муҳокамаси ҳам, жавоби ҳам қуруқ расмиятчилик эканини кўрсатиб ўтди.
Албатта, тақдимнома ва хусусий ажрим киритиш орқали жиноятчиликни, хусусан, коррупцияни олдини олиш, профилактика ишлари бугун кутилган натижани бермаётгани, бугунги шиддатли замон талаби даражасида эмаслиги давлатимиз раҳбарининг ҳақли эътирозига асос бўлди.
Ўзбекистон Республикаси конституцияси, “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва тўртта процессуал кодекс талабига кўра, судларнинг асосий вазифалари фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, шунингдек, давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга, қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш, қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш каби бир қатор вазифалардан иборатлигини барчамиз яхши биламиз.
Давлатимиз раҳбари маърузасида таъкидланганидек, бошқа давлат идоралари қаторида суд ходимлари малакаси ва салоҳиятини, эришган натижаларини IT технологиялар асосида белгилаш, эски “объективка” тизимидан воз кечиш, ходимларнинг қандай билим тажрибага эгалиги, кўрсатган натижалари асосий мезон сифатида белгиланиши мақсадга мувофиқ.
Судья ва суд ходимларига бўлган талабларда эскича ёндашув, бугунги АКТ замони, ақлли бошқарув жараёни, сунъий интеллект асрида наф келтирмайди.
Одил судловда коррупцияга қарши курашиш воситаси сифатида кенг жамоатчилик, нодавлат ва нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, объектив блогерлар билан ҳамкорликни процессуал кодекслар, Олий суд Пленумининг тегишли қарори билан бирга, “Судлар тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги, “Давлат сирлари тўғрисида”ги,“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари асосида амалга ошириш давр талабидир.
Айтмоқчиманки, ахборот олиш кафолатлари худди мустақил одил судлов каби ҳар бир жамиятда таъминланиши зарур.
Негаки, сўз эркинлиги ва мустақил, одил судлов албатта, тараққиётга ишончни янада оширади. Коррупция балоси илдизига болта уради.
Нуриддин Муродов,
Сариосиё туманлараро иқтисодий суди раиси.