“Судхўрнинг қабул кунлари” китоби тақдимоти
Гулистонда яна бир китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Алишер Навоий номидаги вилоят ахборот-ресурс марказида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Алиқул Хонимқуловнинг “Судхўрнинг қабул кунлари” китоби кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Асарнинг номиёқ ўқувчини мулоҳазага ундайди: инсон ҳаётида “қабул кунлари” қачон ва у қандай қарорлар қабул қилади?
Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Норинисо Қосимова олиб борди.
Тақдимотда сўзга чиққан Гулистон давлат университети профессори Равшанбек Маҳмудов, маданият ходими Имомқул Нуримов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Ишонч” газетасининг вилоят бўйича мухбири Баҳор Холбекова, “Янги Сирдарё” газетаси бўлим мудири Муҳаммадали Аҳмад, фахрий журналист Турғун Норқулов, Тошкент кимё-технологиялари институти Янгиер филиали профессори, фалсафа фанлари доктори Илёс Қувондиқов, “Халқ сўзи” газетасининг вилоят бўйича мухбири Аҳмадали Шерназаров, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Анорқул Бойбеков, Ўзбекистон халқ рассоми Рустам Худойбердиев ва бошқалар асарнинг бадиий қиммати, тилининг равонлиги ва ҳаётийлигига алоҳида урғу бердилар. Уларнинг фикрларида бир умумий жиҳат бор эди: бу китоб ўқувчини бефарқ қолдирмайди.
[gallery-28942]
Адибнинг “Ўзим ўпай кўзингдан, Ватан”, “Ёмғирни соғинган одамлар”, “Сен кўзимнинг қароғида яшайсан”, “Сенга айтар сўзим бор, ҳаёт” каби асарлари китобхонлар қалбидан жой олгани бежиз эмас. Бу асарларда ҳам инсон тақдири, ҳис-туйғулари ва маънавий изланишлари марказий ўрин тутади.
“Судхўрнинг қабул кунлари” китоби эса муаллиф ижодидаги яна бир муҳим босқич сифатида эътиборга молик. “IJOD NASHR” нашриёти томонидан чоп этилган ушбу тўпламда муаллифнинг йирик романи билан бир қаторда қиссалар, эсселер, очерк ва ҳикоялар жамланган. Бу эса асарнинг мазмун доирасини кенгайтириб, уни нафақат бадиий, балки фикрий-маърифий манбага айлантиради.
Асарда инсон ҳаёти, унинг маънавий камолоти, яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги азалий кураш каби мавзулар бадиий ечим топган. Муаллиф қаҳрамонлари орқали ўқувчини мураккаб саволлар олдида тўхтатади: инсон ўз танловлари учун қай даражада масъул? Виждон билан яшаш қанчалик қийин? Ва энг муҳими — ҳақиқат қай томонда?
Бугунги ахборот оқими тезлашган даврда бундай асарларнинг аҳамияти янада ортиб бормоқда. Чунки китоб — фақат ўқиш учун эмас, англаш, ҳис этиш ва хулоса чиқариш учун ҳам керак. Алиқул Ҳонимқуловнинг ушбу асари ана шу эҳтиёжга жавоб беради.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА