Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезони
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг марказида инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш каби эзгу мақсадлар мужассам. Бу жараёнда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, фуқаронинг давлат ва жамиятга бўлган ишончи, аввало, унинг ҳуқуқлари қай даражада ҳимоя қилинаётгани билан белгиланади.
Шу маънода, жорий йил 14 август куни қабул қилинган “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги Президент Фармони суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқадиган муҳим қадам бўлди. Мазкур ҳужжат мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, судларнинг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш ва одил судловни халққа яқинлаштиришга қаратилган.
Бугунги ислоҳотларнинг асосий хусусияти шундаки, давлат бошқаруви ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида “инсон қадри учун” деган тамойил устувор аҳамият касб этмоқда. Суд тизимидаги ўзгаришлар ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилиши лозим. Шу боис “халқчил суд” тамойилининг жорий этилиши катта аҳамиятга эга.
Халқчил суд — бу фуқаро ўз муаммоси билан бемалол мурожаат қила оладиган, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари холис ва адолатли тарзда кўриб чиқиладиган тизимдир. Суднинг вазифаси нафақат қарор қабул қилиш, балки инсоннинг бузилган ҳуқуқини тиклаш, уни қонуний ҳимоя қилиш ва жамиятда адолат қарор топишига хизмат қилишдан иборат.
Суд хизматларининг аҳолига янада яқинлаштирилиши ҳам муҳим вазифалардан биридир. Айниқса, чекка ҳудудларда фуқаролик ишлари бўйича туман ва шаҳар судларининг босқичма-босқич ташкил этилиши фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради. Бу ортиқча сарсон-саргардонликнинг олдини олиб, вақт ва маблағни тежашга хизмат қилади.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларида судьяларнинг мустақиллиги масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам бежиз эмас. Судья қарор қабул қилишда ҳар қандай ташқи таъсир ва босимдан холи бўлиши, фақат Конституция ва қонун талабларига таяниши керак.
Суд қарорларининг холислиги ва ягона суд амалиётини таъминлаш ҳам ислоҳотларнинг муҳим йўналишидир. Ҳудудлараро судларни ташкил этиш, ягона суд амалиётини шакллантириш, Олий суд Раёсати қарорларининг “Прецедентлар” реестрини очиқ эълон қилиш каби ташаббуслар суд қарорларининг барқарорлиги ва қонунийлигини таъминлашга хизмат қилади.
Рақамлаштириш жараёни ҳам суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ажралмас қисмига айланмоқда. my.sud.uz портали имкониятларини кенгайтириш, мобил иловани ишга тушириш, интерактив мурожаат намуналари ва электрон излаш тизимларини жорий этиш фуқароларга суд хизматларидан фойдаланишда янги имкониятлар яратади.
Эътиборлиси, рақамли технологиялар суд тизимини инсондан узоқлаштириш эмас, балки уни халққа янада яқинлаштириш воситаси бўлиши керак. Фуқаронинг судга мурожаат қилиши, зарур маълумотларни олиши ва суд жараёни билан боғлиқ ахборотлардан фойдаланиши қанчалик осон бўлса, тизимнинг очиқлиги ва унга бўлган ишонч ҳам шунчалик ортади.
Умуман, “Одил судлов – 2030” стратегияси Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг инсонпарварлик моҳиятини яна бир бор намоён этмоқда. Унда белгиланган вазифалар суд тизимини фақат ташкилий жиҳатдан эмас, балки мазмунан ҳам янгилаш, уни инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоячисига айлантиришга қаратилган.
Зеро, ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси қабул қилинган ҳужжатлар ёки ташкил этилган янги институтлар билан эмас, балки уларнинг оддий инсон ҳаётида қандай натижа бераётгани билан ўлчанади. Фуқаро судга мурожаат қилганида унинг гапи эшитилса, ҳуқуқи қонун асосида ҳимоя қилинса ва адолат қарор топса, ана шунда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар ўзининг ҳақиқий мазмунини намоён этади.
Мансуржон Ҳамидов,
“Адолат” СДП Навоий вилояти Кенгаши раиси
ЎзА