Стратегик шерикликда янги имкониятлар
Халқаро ҳамкорлик
Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-Уйғур автоном райони таркибидаги Бортала-Монгол автоном округи (Бочжоу) бугунги кунда Евросиё маконидаги муҳим транспорт ва савдо боғламларидан бири сифатида тобора аҳамият касб этмоқда.
Мазкур ҳудуд географик жиҳатдан Евросиё қитъасининг ички қисмида жойлашган бўлиб, ғарб томондан Қозоғистон билан чегарадошдир. Чегаранинг 372 километрга чўзилиши уни халқаро савдо ва транзит учун қулай ҳудудга айлантирган. Айниқса, Бочжоу “Бир камар – бир йўл” ташаббусининг муҳим бўғини сифатида ўрта йўлакда жойлашгани билан ажралиб туради.

Ҳудуд орқали Иккинчи Евросиё қитъалараро темир йўл магистрали, Хитой – Қозоғистон нефть қувури, шунингдек, “Ғарб-Шарқ” газ қувурининг иккинчи тармоғи ўтгани унинг транспорт-логистика салоҳиятини янада оширмоқда. Бу эса, ўз навбатида, минтақалараро иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бормоқда. Хусусан, транспорт, логистика, энергетика ва савдо соҳаларида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар бу ҳамкорликнинг амалий ифодасидир. Шу нуқтаи назардан, Бочжоу каби ҳудудлар Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон учун янги иқтисодий имкониятлар эшигини очмоқда.
Маълумотларга кўра, 2024 йилда Бочжоунинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 54 миллиард юанга яқинни ташкил этган бўлиб, ўсиш суръати 8,6 фоизга тенг бўлган. Бу рақамлар ҳудуддаги иқтисодий фаоллик юқори эканини кўрсатади.
Табиий шароити ҳам ўзига хос бўлган мазкур ҳудуд “икки кўл ва уч тоғ” рельефи билан ажралиб туради. Бу ерда давлат ва минтақавий даражадаги қўриқхоналар ташкил этилгани экологик барқарорликка алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат беради.
Қисқача айтганда, Бортала-Монгол автоном округи нафақат Хитойнинг ғарбий ҳудудларидан бири, балки халқаро савдо, транспорт ва иқтисодий ҳамкорлик нуқтаи назаридан муҳим стратегик макон сифатида эътироф этилмоқда. Бу эса Ўзбекистон – Хитой муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва янги босқичга олиб чиқиш учун кенг имкониятлар яратади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА