“Stipendium Hungaricum” дастури стипендиатлари билан учрашув бўлиб ўтди
“Stipendium Hungaricum” — Венгрия ҳукумати томонидан халқаро талабалар учун тақдим этиладиган нуфузли ва тўлиқ молиялаштириладиган давлат гранти дастури. Грант тўлиқ контракт тўловидан озод қилиш, ойлик стипендия, бепул ётоқхона (ёки ижара учун пул) ва тиббий суғуртани ўз ичига олади. Бутун ўқиш даври учун тўлиқ қопланади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида 2026/2027 ўқув йилида “Stipendium Hungaricum” стипендия дастури доирасида таълим олиш ҳуқуқини қўлга киритган ёшлар билан учрашув ташкил этилди. Тадбирда вазирлик мутасаддилари, Ўзбекистондаги Венгрия Фавқулодда ва мухтор элчиси Жўзсеф Рожа ҳамда танлов комиссияси аъзолари иштирок этди. Учрашув давомида стипендиатларга хорижда таҳсил олиш жараёнида эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар, Ўзбекистон иқтисодиёти учун малакали кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишлари ҳамда таълим жараёнига оид муҳим тавсиялар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, ёшларнинг ўзаро мулоқот қилиши ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаши учун имконият яратилди.
Қайд этиш лозимки, 2026/2027 ўқув йилида “Stipendium Hungaricum” дастури бўйича 110 нафар ўзбекистонлик ёш Венгриянинг нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятини қўлга киритди, 2019/2020 ўқув йилидан буён 533 нафар ёш ушбу стипендия соҳибига айланди. Бундан ташқари 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб грантлар квотасини йилига 200 тага етказиш режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА