Спорт — миллат ғурури, соғлом ҳаёт ва юксалишнинг қудратли манбаи
Бугунги шиддатли замон ва глобаллашув даврида ҳар бир давлатнинг келажаги, аввало, унинг интеллектуал салоҳияти ҳамда халқининг жисмоний соғломлигига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичида спортни шунчаки жисмоний тарбия машғулоти эмас, балки миллатнинг руҳий тетиклиги, ватанпарварлик туйғуси ва халқаро майдондаги нуфузини белгиловчи стратегик куч сифатида қадрламоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек: “Спорт нафақат мусобақа, балки соғлом турмуш тарзи, интизом, ватанпарварлик ва мамлакат нуфузини намоён этадиган катта кучдир”. Ушбу концептуал ёндашув асосида мамлакатимизда спорт соҳасини янги сифат босқичига олиб чиқиш, оммавий спортнинг қамровини кенгайтириш ва селекция тизимини тубдан такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишлари белгилаб берилди.
Сўнгги тўққиз йил давомида соҳада амалга оширилган тизимли ишлар кўлами ҳайратланарлидир. Маҳаллаларда 1774 та замонавий спорт майдончаси барпо этилгани, 200 дан ортиқ йирик спорт иншоотлари ва 4 мингга яқин хусусий клубларнинг иш бошлагани спортнинг халққа яқинлашганидан далолат беради. Бунинг натижасида профессионал спортчилар сони 2 карра, паралимпиячилар эса 3 баробарга ортди. Ўзбек спортининг “олтин даври” сифатида тарихга кирган сўнгги йилларда хусусан, Токио ва Париж Олимпиадаларидаги тарихий ғалабалар, боксчиларимизнинг жаҳонда тенгсиз эканини исботлагани, футбол бўйича ёшлар терма жамоаларининг қитъа миқёсидаги муваффақиятлари Президентимиз илгари сурган ислоҳотларнинг амалий мевасидир. Биргина ўтган йилнинг ўзида ватандошларимиз халқаро мусобақаларда жами 1 371 та медаль жамғариб, 50 дан ортиқ жаҳон ва Осиё рекордларини янгилашга муваффақ бўлди. Бироқ давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун”. Демак, эришилган ютуқлар бизни хотиржамликка берилишга эмас, балки мавжуд муаммолар устида янада қатъий ишлашга ундаши зарур.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган инқилобий ташаббусларни илгари сурди. Эндиликда маҳаллада оммавий спорт натижадорлиги фақат рақамлар билан эмас, балки аҳолининг саломатлик кўрсаткичлари, яъни “саломатлик баланси” асосида баҳоланади. Энг диққатга сазовор таклифлардан бири — “соғлом ҳаёт волонтёрлари” корпусининг ташкил этилиши бўлди. Қайси маҳаллада спортга қамров ошса, юрак-қон томир ва диабет касалликлари камайса, йил якуни билан волонтёр ва маҳалла раиси 15 миллион сўмгача мукофотланиши, масъул тренерга эса 200 фоизгача ойлик устама тўланиши белгиланди. Шунингдек, дунёда оммалашаётган интенсив машғулотлар — кросс-фит йўналишини барча мактаб ва техникумларда жорий этиш, келгуси йилдан уни “Беш ташаббус” тизимига киритиш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.
Давлат органлари ва хусусий сектор учун ҳам янгича ёндашув белгиланди: энди ҳар бир вазир ва ҳоким ўз ходимларига спортда намуна бўлиши шарт. Ҳафтанинг бир куни “Спорт куни” деб эълон қилиниши ва корхоналарнинг спорт иншоотлари қуриш харажатлари солиқдан чегирилиши соҳанинг иқтисодий жозибадорлигини оширади. Янги тизимга кўра, “маҳалла – мактаб – спорт муассасаси – федерация” занжири асосида мутлақо янги селекция модели йўлга қўйилади. Спорт йўналишидаги олийгоҳ талабаларига дуал таълим асосида тўгараклар очиш ва автоматик тарзда мураббийлик сертификати бериш имконияти яратилгани ёш мутахассислар учун катта эшикларни очади. Илмий иши амалий натижа бериб, спортчиларининг медаллари кўпайган олимларнинг 100 миллион сўм миқдоридаги мукофот билан тақдирланиши эса илм ва спорт интеграциясини таъминлайди.
Хулоса қилиб айтганда, соҳадаги ислоҳотларнинг янги босқичида инсон қадри ва саломатлиги бош мезон бўлади. Маҳаллаларда спорт қамровининг ошиши, аҳоли орасида касалликларнинг камайиши масъулларнинг фаолиятига берилган энг олий баҳодир. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек: “Биз халқимизнинг розилигига эришишни ислоҳотларимизнинг бош мезони ва асосий мақсади деб биламиз”. Зеро, соғлом ҳаёт тарзини танлаган халқ, спортни ўз ҳаётининг ажралмас қисми деб билган ёшлар Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам таянчи ва юксак тараққиётнинг кафолати бўлиб хизмат қилади.
А.Ғаффоров,
ЎзА