Спорт — ҳалоллик синови
"Олимпия шаҳарчаси"да Ўзбекистон кураш федерацияси ҳамда Миллий антидопинг агентлиги ҳамкорлигида “Ўзбекистонда ҳалол спорт тамойиллари ва допингнинг салбий оқибатлари” мавзусида семинар ташкил этилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар кураш федерацияси вакиллари, мураббийлар ҳамда спортчилар фаол иштирок этди. Асосий эътибор жорий йилда миллий ва халқаро майдонларда, хусусан кураш бўйича илк бор мусобақаларда иштирок этаётган ёш ва янги спортчиларга қаратилди.

Семинар давомида антидопинг қоидаларини чуқур ўрганиш, амалиётда тўғри қўллаш кўникмаларини шакллантириш, допинг воситаларидан бутунлай воз кечиш тамойилларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, WADA талаблари, қоидаларни бузганлик учун қўлланиладиган жиддий санкциялар — дисквалификация, жарималар ва спортдан бутунлай четлатиш ҳолатлари ҳақида аниқ ва очиқ тушунтиришлар берилди.

Бугун спорт фақат ғалаба ва медаллардан иборат эмас, у аввало ҳалоллик синови. Кураш каби қадриятга бой спорт турида ҳар бир ютуқ ортида соф меҳнат ва тоза виждон туриши керак. Шу маънода, бу семинар ёш спортчилар онгида “ғалаба ҳар қандай йўл билан эмас, балки тўғри йўл билан қиммат” эканини яна бир бор мустаҳкамлади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА